Live
13
Ўзбек

Иван Бошкович: «Майдонда айнан биз кутган ўйин сценарийсини кўрдим»

Футбол
10 октябр, 03:20
Бошкович матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.
Иван Бошкович: «Майдонда айнан биз кутган ўйин сценарийсини кўрдим»
Фото: Бунёдкор ПФК
09.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Пахтакор Пахтакор 3 : 1 Бунёдкор Бунёдкор

Тошкент дербиси доирасида «Бунёдкор» клуби «Пахтакор»га 3:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ушбу баҳсдан сўнг «Бунёдкор» бош мураббийи Иван Бошкович матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.

- Барчангизга хайрли кеч! Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчи навбатда натижадан қониқмаяпман. Жамоамнинг ўйини ва кўрсатган сифатида камчиликлар кўп бўлди. Бироқ ижобий жиҳатлар ҳам бор эди, айниқса, иккинчи бўлимда.
Биринчи бўлимда тахминан 20 дақиқа давомида ўйин суръатини назорат қилдик. Рақибда ҳам вазиятлар бўлди, бизда ҳам имкониятлар юзага келди. Умуман олганда, ўйиндан олдин кутган сценарийимиз айнан шундай эди.

Тўпни олиб қўйганимиздан кейин айниқса, марказий ҳудудда юзага келган вазиятлардан фойдалана олмадик. Ҳатто дарвоза томон зарба беришга ҳам эриша олмадик. Юқори прессинг орқали тўпни қайтариб олишни ва иккинчи тўплар учун курашишни талаб қилгандим. Аммо айнан шу жараёндаги хатомиз туфайли гол ўтказиб юбордик. Биринчи бўлимда иккинчи тўплар учун курашда ҳам муаммолар бўлди.

Танаффусда бу камчиликларни тузатдик. Иккинчи бўлимда майдонга чиқиб, анча сифатли ўйин намойиш этдик ва келишиб олган режамизга амал қилдик. Йигитлар баракалла, ҳатто ўйинни ўз фойдамизга буришга ҳам яқин келдик.
Гол урганимиздан кейинги 15–20 дақиқалик оралиқ, рақиб гол киритгунига қадар бўлган давр, менимча, бугунги учрашувдаги энг яхши пайтимиз бўлди. Ўйин охиригача ҳаракат қилдик, захирадан футболчилар туширдик, ҳисобни тенглаштиришга уриндик, аммо бунинг уддасидан чиқа олмадик.
Афсуски, сўнгги дақиқаларда яна гол ўтказиб юбордик. Натижада ҳисоб 3:1 кўринишини олди. Шунга қарамай, бугун кучли рақибга қарши муносиб ўйнадик ва жиддий қаршилик кўрсатдик, деб ўйлайман.

Мени қувонтирган жиҳатлардан бири — икки нафар легионеримиз майдонга тушди. Ўйлайманки, улар жамоамизни янада кучайтиради ва Суперлигада қолиш учун зарур очколарни қўлга киритишда мавсумнинг қолган еттита учрашувида бизга ёрдам беради.

- Мен жамоангизни аввалдан кузатиб келаман. Илгари кўплаб голли вазиятлар яратиларди, аммо уларни якунлашда муаммолар бор эди. Умуман, бизда вазиятлардан фойдаланиш даражаси паст. Сизнинг келишингиздан кейин эса менимча, жамоа камроқ вазият ярата бошлади. Бугун ҳам рақиб устунлик қилгандек кўринди, сизларда эса иккита имконият бўлиб, улардан бирида гол урдингиз. Ҳозир ҳимояда ишончлироқ ўйнаш ва кам сонли имкониятлардан фойдаланишга қаратилган мувозанатни танлаяпсизми?

- Бугунги ўйинни мен ҳам кўрдим. Рост, яққол голли вазиятлар кўп бўлмади. Бу фикрингизга қўшиламан. Аммо ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар ҳали бор. «Пахтакор»га қарши ўйинда рақиб ҳужумларини бузишни яхши уддалаган эдик. Бу бизнинг режамиз эди. Бугун ҳам марказий ҳудудда тўпни кўп марта олиб қўйдик ва қарши ҳужумга чиқиш имкониятларига эга бўлдик.

Бироқ тўпни ҳужумнинг учинчи ҳудудига етказишда, сон жиҳатидан устунлик юзага келган вазиятларда ундан фойдаланишда муаммоларга дуч келдик. Ҳужумни якунига етказиб, дарвоза томон зарба бера олмадик. Бу — камчилигимиз. Устида ишлашимиз керак, менимча, буни тузатиш мумкин.

Футболчиларда маҳорат бор. Аммо бугун қарор қабул қилишда, эҳтимол, бироз шошилдик. Ўйин суръати юқори бўлганда, юрак уриши тезлашганда, тўғри қарор қабул қилиш қийинлашади. Шундай вазиятларда ҳам хотиржамликни сақлашимиз зарур.

Йигитлар режамизга амал қилишди. Мен майдонда айнан биз кутган ўйин сценарийсини кўрдим. Фақат юзага келган вазиятлардан фойдалана олмадик. Сиз тўғри таъкидладингиз: яққол голли вазиятлар кўп бўлмади, аммо уларни юз фоизлик имкониятларга айлантиришимиз мумкин эди.

- Миллий жамоадан қайтган футболчиларнинг кайфияти ва ҳолати қандай? Ҳакимов ўтган ўйинда бироз майдонга тушди. Тўлқинбеков эса терма жамоадаги учрашувларда ўйнади. Муҳаммадодил эса терма жамоада атиги 5–10 дақиқа ҳаракат қилди. Мен жисмоний ҳолатни эмас, кўпроқ руҳий ва психологик томонни назарда тутяпман. Бу борада фикрингиз қандай?

- Аксинча, менимча, уларда ўзига бўлган ишонч бор. Айниқса, Тўлқинбеков Суперлигада ўйнашга аллақачон мослашиб бўлган. Психологик жиҳатдан ҳам бу улар учун одатий жараёнга айланган, деб ўйлайман.
Терма жамоага чақирув олганидан кейин улар янада катта ишонч ва мотивация билан қайтиши керак. Менимча, бугун яхши ўйин кўрсатишди. Тўлқинбековни, айниқса, яхши биламан. Улар бугунги тенгма-тенг кечган ўйинда жамоамизга ёрдам беришди. Умид қиламанки, терма жамоага чақирилиш уларнинг руҳий жиҳатдан янада ўсишига хизмат қилади.

- Кривокапич адашмасам, июл ойидан бери энди майдонга тушди. Молиявий муаммолар фонида уни яна майдонга қайтишга қандай кўндирдингиз? Ботти эса сўнгги пайтларда қайдномада ҳам кўринмай қолди. Аввал бир-икки учрашувда майдонга тушганди.

- Бугун Кривокапич узоқ танаффусдан кейин майдонга тушди. Футболчилар билан жароҳатларидан кейин тикланиш бўйича ишлаяпмиз. Уларни оптимал жисмоний ҳолатга келтиришга ҳаракат қиляпмиз. Тони ўйиндан олдин бироз касал бўлиб қолди. Шу сабабли у қайдномага киритилмади.

- «Сўғдиёна» — сизнинг собиқ жамоангиз. Бу учрашув сиз учун алоҳида принципиал аҳамиятга эгами?

- Мураббийлик ишимнинг бир қисми — ҳар бир рақибга қарши жиддий тайёргарлик кўриш. Бу сафар ҳам шундай бўлади. Албатта, «Сўғдиёна»да узоқ вақт ишлаганман ва у ерда яхши даврларим ўтган. Аммо бу ўйинга фақат ғалаба қозониш нияти билан тайёрланаман. Ўтмишдаги ҳиссиётларга берилиш керак эмас. Агар ҳиссиётлар биринчи ўринга чиқса, нотўғри қарорлар қабул қилиш мумкин.
Шунинг учун профессионал бўлишимиз, жиддий тайёргарлик кўришимиз ва мен яхши биладиган футболчиларнинг хусусиятларидан фойдаланишимиз керак. Худо хоҳласа, бу ўйинда яхши натижага эришамиз, деб ишонаман.

- «Бунёдкор» ҳозир уй учрашувларини турли стадионларда ўтказмоқда. Бунга майдон ҳолати билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлмоқда. Жамоа «Жар» стадионида ҳам ўйнади. Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам борлиги айтилганди. Ҳозир стадион ва майдон ҳолатида ўзгаришлар борми? Қачон ўз майдонингизга қайтишингиз мумкин?

- Умид қиламизки, майдон яқин вақт ичида тикланади ва ўз стадионимизда ўйнай оламиз. Албатта, ўз майдонимизда ҳаракат қилиш биз учун осонроқ бўлади. Менимча, яқин 15 кун ичида майдон тўлиқ тикланиши мумкин. Майдон ҳолати яхшиланаётгани ҳақида маълумот бор. Аммо бу масала бизга боғлиқ эмас. Бу учрашувни «Жар» стадионида ўтказишга ҳаракат қилдик, лекин бунинг имкони бўлмади. У ерда ўйнашнинг иложи йўқ. Менимча, ҳозир «Жар»даги газон ҳам олиб ташланган.

Кейинги учрашувни қаерда ўтказишимизни ҳозирча билмайман. Вазиятдан чиқиш йўлини топишимиз, курашишда давом этишимиз керак», - дея Бошковичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Пахтакор Пахтакор
  • Бунёдкор Бунёдкор
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар