«Пахтакор» клуби спорт директори сифатида фаолият олиб бораётган сербиялик Боян Миладиновични барча мухлислар яхши билишади.
У ўз вақтида футболчи сифатида бир неча мавсумни айнан «Пахтакор» либосида ўтказган. Энди эса Боян клубда масъулиятли лавозимда ишга киришган. Миладиновични клуб мухлислари яхши яхши кўришади ва ҳурмат қилишади.
Боян ўзини худди ўзбекдек ҳис қилишини алоҳида айтиб ўтди. У Tribuna.uz сайтига бир қанча қизиқарли мавзуларда интервю берди.
- Боян, «Пахтакор»нинг спорт директори сифатидаги фаолиятингиз қандай кечмоқда? Лавозимингиз доирасида асосий вазифаларингиз нималардан иборат?
- Спорт директори сифатидаги фаолиятим ҳозирча жуда яхши кечяпти. Бу иш менга ёқди. Худога шукр, ҳозирча барчаси яхши кетяпти. Биз амалдаги чемпион «Нефтчи»дан атиги икки очко ортда қоляпмиз. Чемпионат якунига қадар ҳали саккизта тур бор. Умид қиламанки, қолган ўйинларнинг барчасида яхши натижа кўрсатиб, якунда чемпион бўламиз. Чунки «Пахтакор» ҳар доим чемпионликка муносиб жамоа. У чемпион бўлишга лойиқ.
Ҳозирги вазифаларимга келсак, мен жамоага яқинда — икки ой олдин қўшилдим. Шу вақтга келиб трансфер ойнаси аллақачон ёпилган эди. Шунинг учун ҳозирча селекция билан жиддий шуғулланиш имконияти бўлмади.
Айни пайтда энг асосий вазифам — бош мураббий Камол Тожиевни қўллаб-қувватлаш. Шунингдек, футболчилар ва клуб ўртасидаги алоқани таъминлаш, жамоада доимо яхши муҳит бўлишини таъминлаш, ҳар бир киши ўз вазифасини ва нимани қандай бажариши кераклигини аниқ билишига эришиш. Худо хоҳласа, шу орқали чемпион бўлишимизга ҳисса қўшмоқчиман.
Бундан ташқари, ёш футболчиларни ҳам кузатиб боряпман. Ўринбосарлар жамоасини мунтазам кўрамиз, 19 ёшгача бўлган футболчиларни ҳам кузатяпмиз. Бугун ҳам 15 ёшгача ва 17 ёшгача бўлган жамоаларнинг ўйинларини кўраман.
Умуман, футбол мактабимиз ва академиямиздаги ёш футболчиларнинг келажагини кузатиб боряпмиз. Умид қиламанки, январь ойидан бошлаб бу йўналишда янада яхши ва жиддийроқ ишлаймиз. Ҳозир ҳам ишимиз жуда жиддий, албатта. Лекин яна бир қадам олдинга ташлашимиз ва бу йўналишни янада юқори даражага олиб чиқишимиз керак.
- Футболчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг уч йил давомида «Напредак» клубида вице-президент лавозимида ишладингиз. Кейин «Траял»да бош мураббий ёрдамчиси ва бош мураббий вазифаларида фаолият олиб бордингиз. Ҳозир эса «Пахтакор»нинг спорт директори ҳисобланасиз. Сизга раҳбарлик лавозимида ишлаш кўпроқ ёқадими ёки мураббийлик фаолияти яқинроқми?
- Ҳа, фаолиятимни футболчи сифатида якунлаганимдан сўнг, мени дарҳол клуб вице-президенти лавозимига тайинлашди. Аммо шу билан бирга, менинг вазифаларим спорт директори фаолияти билан ҳам боғлиқ эди. Чунки бу иш менга аввалдан таниш, шу йўналишда тажрибам бор. Айтиш мумкинки, ўша даврда «Напредак» доимо олий лигада иштирок этарди ва жамоа жуда яхши натижалар қайд этарди. Шунинг учун спорт директори сифатида етарлича тажрибага эгаман.
Шундан кейин икки йил давомида дастлаб бош мураббий ёрдамчиси сифатида ишладим, сўнгги уч ойда эса бош мураббий вазифасини ҳам бажардим. Бу даврда Ўзбекистонда Pro лицензияси учун таҳсил олдим. Мен учун бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида ҳам тажриба орттириш, бу касбни ҳар томонлама ўрганиш муҳим эди. Чунки яхши мураббий бўлиш учун доимо ўрганиш керак. Ҳар куни янги нарса ўрганиш зарур. Ҳеч бир мураббий футболда ҳамма нарсани биламан, деб айта олмайди. Шу жиҳатдан бу тажриба мен учун жуда фойдали бўлди.
Ростини айтсам, менга ҳам спорт директори, ҳам мураббийлик фаолияти ёқади. Агар аввалроқ Ўзбекистондан спорт директори ёки мураббий сифатида ишлаш бўйича таклиф тушганида, эҳтимол, уни қабул қилган бўлардим. Аммо «Пахтакор»дан спорт директори бўлиш бўйича таклиф келганида, бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмадим. Дарҳол: «Ҳа, мен бу вазифани қабул қиламан», дедим. Шунинг учун ҳозирги ишим менга жуда ёқяпти.
- Келажакда яна мураббийликка қайтишни режалаштиряпсизми?
- Ҳеч ким ҳаётда нима бўлишини, келажакда қандай воқеалар юз беришини билмайди. Энг муҳими, менда мураббий учун энг юқори даражадаги диплом — PRO лицензияси бор. Энди кейинчалик нима бўлишини, ишлар қандай давом этишини кўрамиз. Лекин ростини айтсам, спорт директори сифатидаги бу фаолият ҳам менга жуда ёқяпти. Айтишим мумкинки, ўз вазифамни уддалай оляпман, ҳаммаси яхши кетяпти. Камол Тожиевга ўз навбатида ёрдам беряпман, у ҳам менга ёрдам беряпти.
Ўйлайманки, йил охирига қадар, кейинчалик ҳам биргаликда яхши натижаларга эришамиз. Шу боис, ростини айтсам, ҳаётда кейин нима бўлишини ўзим ҳам билмайман. Аммо ҳозирча мен — спорт директориман.
- Агар бир кун келиб сизга «Пахтакор»ни бош мураббий сифатида бошқариш таклиф қилинса, бу сиз орзу қилган иш бўлармиди?
- Келажакда нима бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди. Лекин мен футболчилик фаолиятимни якунлаб, илк бор «Пахтакор»дан кетганимдаёқ, келажакда бу клубга 100 фоиз қайтишимни билардим ва бунга ишончим комил эди.
Футболчи сифатида қайтиш аллақачон қийин эди, чунки ёшим ҳам ўтиб қолганди. Аммо шунга қарамай, бир кун келиб албатта «Пахтакор»га қайтишимга ишонардим.
Худо хоҳласа, келажакда нима бўлишини кўрамиз. Аммо ҳозирча ўзимни бу ерда жуда яхши ҳис қиляпман ва ишлар ҳам яхши кетяпти. Инсон келажакда нима бўлишини ҳеч қачон билмайди. Ҳозирги ишимдан жуда мамнунман, бу фаолият менга жуда ёқяпти.
- Сиз аввал бир неча йил Ўзбекистон чемпионатида футболчи сифатида тўп тепгансиз. Айтинг-чи, шу вақт мобайнида Ўзбекистон чемпионатида қандай ўзгаришлар юз берди?
- Айтишим мумкинки, жуда кўп нарса ўзгарган. Аввало, инфратузилма жуда яхшиланган. Янги стадионлар барпо этилган, майдонлар яхши ҳолатда. Бу менга жуда ёқди. Чунки майдонлар сифатли, инфратузилма яхши бўлса, футбол ҳам анча юқори даражада кўринади.
Ташкилий ишлар ҳам катта даражада ривожланган. Бу борада ҳам сезиларли ўзгаришлар бор. Бундан ташқари, ёшлар терма жамоаларимиз доим қандайдир мусобақаларда ғалаба қозоняпти. Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Шунинг ўзиёқ футболда катта тараққиёт борлигини кўрсатиб турибди. Буни яна шу жиҳатдан ҳам кўриш мумкинки, хорижлик футбол мутахассислари Ўзбекистонга келяпти, миллий терма жамоани бошқариш учун юқори даражадаги мураббийлар таклиф этиляпти. Шунинг учун бемалол айта оламан: ҳозир Ўзбекистон футболи биз ўйнаган даврга нисбатан анча юқори даражага кўтарилган. Шуни ҳам айтишим керакки, ҳозир футболда пул анча кўпайган, маошлар ҳам биз ўйнаган даврга қараганда анча юқори.
Илгари Ўзбекистондан кимдир хорижда футбол ўйнаши жуда кам учрайдиган ҳолат эди. Ҳозир эса айни пайтда хорижда, ҳатто кучли бешлик чемпионатларида ҳам кўплаб футболчиларимиз тўп тепяпти.
Айтишим мумкинки, агар чемпионат яхши бўлса, футбол мактаблари яхши ишласа, инфратузилма юқори даражада бўлса — бунинг натижаси дарҳол кўринади. Ҳозир футболчиларимиз — «бизнинг» деганимда, ўзбек футболчиларини назарда тутяпман, чунки ўзимни ҳам аллақачон ўзбекдек ҳис қиламан — Европада ҳам муносиб ўрин эгаллаб бормоқда. Худога шукр, уларнинг Европадаги футболида ҳам ўз ўрни ва роли бор.
- Отабек Шукуров Сербиянинг «Радник» клуби билан шартнома имзолади. Бу трансфер сиз учун кутилмаган қарор бўлдими? Унинг бу трансфери ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ростини айтсам, унинг Сербияда «Радник» билан шартнома имзолаганини кўрганимда, аввал «балки хато бўлгандир», деб ўйладим. Чунки у жуда яхши футболчи ва бир неча йил давомида хорижда — БАА, Саудия Арабистони ва Туркияда юқори даражада тўп тепган. Шунинг учун бу қарор мен учун катта сюрприз бўлди.
Агар у «Црвена Звезда», «Партизан» ёки «Войводина» каби клублардан бири билан шартнома имзолаганида, буни табиий қабул қилардим. Аммо «Радник» билан келишувга эришгани мен учун кутилмаган қарор бўлди.
Албатта, «Радник» катта клуб эмас, аммо барқарор жамоа. Улар сўнгги ўн йил давомида олий лигада иштирок этиб келмоқда. Айрим мавсумларда қуйи лигага тушиб кетишган, аммо дарҳол яна юқори дивизионга қайтишган. Умуман, бу клуб ҳақида фақат яхши фикрлар айтишим мумкин. Клубни бошқараётган оила ҳам жуда яхши. Уларда яхши скаутинг тизими ва муносиб мураббийлар бор. Футболчилар ҳам ўзларини бу жамоада яхши ҳис қилишади.
Лекин барибир мен учун бу катта сюрприз бўлди. Чунки бу аҳолиси бор-йўғи 5–6 минг киши бўлган кичик шаҳарча. Клубда сунъий майдон бор, мухлислар ҳам кўп эмас. Аммо эҳтимол, Отабек нимани ва нима учун қилаётганини яхши билгандир. Балки у Сербияда ҳам ўзини синаб кўришни, бу ерда футбол ўйнаб кўришни истагандир.
Буни ҳеч қачон олдиндан билмайсиз. Эҳтимол, у «бир-икки ой шу ерда ўйнаб, кейин янада яхшироқ клубга ўтаман», деб ўйлагандир. Менинг фикримча, унга бошқа таклиф ҳам бўлган бўлиши мумкин. Балки у қандайдир масалада келиша олмагандир. Трансфер ойнаси ҳамма жойда ёпилиб бўлгани учун жамоасиз қолиб кетмаслик мақсадида «Радник» билан шартнома имзолаган бўлиши эҳтимол.
Албатта, ҳозир шартнома муддати қанча эканини билмайман. Аммо, эҳтимол, асосий мақсад — олти ой давомида жамоасиз қолиб кетмаслик бўлган. Менимча, Отабекнинг «Радник»ни танлагани Сербиядаги ушбу клуб учун жуда катта трансфер. У жамоага қўшилганидан кейин клуб янада кучли бўлади, деб ўйлайман. Чунки мен унинг имкониятлари ва футболчилик сифатларини яхши биламан. Шунингдек, бу «Радник» учун жуда яхши реклама ҳам бўлди.
- Ҳозирги ҳаётингиз профессионал футболчи бўлган даврингиздан нимаси билан фарқ қилади?
- Фарқи жуда катта. Футболчи бўлган пайтимда деярли ҳеч нарса ҳақида ўйламасдим. Асосий эътиборим кунига икки соатлик машғулотга қаратилган, қолган вақтда эса дам олардим. Оилам, дўстларим билан вақт ўтказардим, хоҳлаган ишимни қилишга имкон бўларди. Лекин машғулот пайтида икки соат давомида бутун диққат-эътиборимни футболга қаратардим.
Ҳозир эса ҳамма нарса ҳақида ўйлашингизга тўғри келади: футболчилар, улар учун яратилган шароитлар, мураббийлар, ёшлар — доимо барча масалалар эътиборингизда бўлиши керак. Куним тўлиқ банд.
Масалан, уйдан эрталаб соат ўн яримларда чиқаман ва кечқурун соат етти- саккизларда уйга қайтаман. Илгари эса икки-уч соат машғулотда бўлардим, қолган вақт ўзим учун эди. Шу сабабли ҳозир аввалгидан кўра ўзингиз ҳақингизда эмас, бошқалар ҳақида кўпроқ ўйлашингиз керак.
- Башар Ресан «Персеполис»га қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу гап-сўзларда асос борми?
- Башарнинг амалдаги шартномаси бор. Мен клубга келганимда, биринчи навбатда легионерларнинг шартномалари билан қизиқдим. Башар билан ҳам клуб бир йил олдин шартнома имзолаган ва унда «плюс бир» банди бор.
Ҳозир бу банд бўйича қарор қабул қилиш учун бизда яна бир ой вақт бор. Агар уни жамоада олиб қолишни истасак, клуб томонидан электрон почта орқали тегишли хабар юборишнинг ўзи кифоя. Шунда у кейинги мавсумда ҳам «Пахтакор» футболчиси бўлиб қолади.
Бизнинг футболчиларимизга барча жамоалар қизиқиш билдирмоқда. Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, ҳозир таркибимизда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг олти нафар футболчиси, Ироқ миллий терма жамоасининг икки нафар футболчиси бор. Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаларида ўйнаётган истеъдодли ёшларимиз ҳам бор. Шунинг учун айтишим мумкинки, «Пахтакор» футболчилари доимо бошқа клублар эътиборида бўлади ва уларга қизиқиш юқори.
- Абдумажидовнинг Франция чемпионатига трансфери қачон амалга ошиши мумкин? Бу борада ҳақиқатан ҳам музокаралар олиб борилганми?
- Ҳа, Абдумажидов бўйича музокаралар бўлган. Франциянинг бир клуби унга жуда жиддий қизиқиш билдирган. Аммо ўша пайтда у биз учун жуда муҳим футболчи эди. Чунки таркибимизда атиги икки нафар марказий ҳимоячи бор эди. Улардан бири ёш футболчи, яна бир легионеримиз жароҳат олганди. Трансфер ойнаси ҳам ёпилиб бўлгани учун унинг ўрнига бошқа футболчи олиш имконияти ҳам йўқ эди.
Шу сабабли Абдумажидовни қўйиб юборганимизда, чемпионлик учун курашиш ва Чемпионлар лигасида муносиб иштирок этишимиз жуда қийинлашарди. Шунинг учун музокаралар бўлганига қарамай, клуб уни қўйиб юбормади. Энди қишда нима бўлишини ва вазият қандай ривожланишини кўрамиз. Аммо Абдумажидов ҳақида шуни ишонч билан айта оламан: у жуда яхши футболчи ва юқори савиядаги ҳимоячи.
Худо хоҳласа, у Ўзбекистоннинг асосий футболчиларидан бирига айланади. Умид қиламанки, Хусановдан кейин у ҳам Европа футболида ўзини кўрсата олади.
Ростини айтсам, унинг юқори даражада, яъни топ-даражада футбол ўйнаши учун имкониятлари ва салоҳияти жуда катта, деб ҳисоблайман.
- «Пахтакор»нинг яна қайси футболчиларига Европа клублари томонидан жиддий қизиқиш билдирилмоқда?
- Айтиб ўтганимдек, бизнинг футболчиларимизга кўплаб клублар қизиқиш билдирмоқда. Шунинг учун, Худо хоҳласа, вақт ўтиши билан барчасини ўзингиз кўрасиз. «Пахтакор»да ҳам «дубль» жамоаси, ҳам асосий таркиб яхши шаклланган. Ишонаманки, келажакда футболчиларимизга нисбатан яна кўплаб таклифлар ва қизиқишлар бўлади. Аммо ҳозирча қайси футболчиларга аниқ таклифлар борлиги ёки кимлар билан қизиқишлар мавжудлигини айтишга ҳали эрта.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади