Live
4
Ўзбек

Роналду, Феликс ва Мане каби юлдузларга эга бўлган «Ан Наср» — «Нефтчи»нинг бўлажак рақиби ҳақида

Футбол
12 октябр, 04:00
    11
Баҳс Тошкент вақти билан 23:15 да старт олади.
Роналду, Феликс ва Мане каби юлдузларга эга бўлган «Ан Наср»  — «Нефтчи»нинг бўлажак рақиби ҳақида
Фото: Getty Images
12.10.2026, 14:15 Осиё Чемпионлар Лигаси Аль-Наср Эр-Рияд Аль-Наср Эр-Рияд - : - Нефтчи Нефтчи

«Нефтчи» Элит Чемпионлар лигасининг 2-тури доирасида Саудия Арабистонининг «Ан Наср» клубига қарши майдонга тушади. Фарғоналиклар мусобақанинг дастлабки турида Ироқнинг «Эйр Форс» жамоасини Зоран Марушичнинг 83-дақиқада киритган голи эвазига 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди.

Қуйида «Нефтчи»нинг навбатдаги рақиби ҳақида батафсил тўхталамиз.

«Ан Наср» Саудия Арабистони футболидаги энг номдор ва совриндор клублардан бири ҳисобланади. Ар Риёд жамоаси 1955 йил 24 октябр куни ташкил топган бўлиб, 70 йилдан зиёд тарихга эга.

Жамоа мухлислар орасида «Ал Алами», яъни жаҳон клуби ҳамда «Форис Нажд» — Нажд рицарлари лақаблари билан машҳур. Клубнинг асосий ранглари сариқ ва кўк бўлиб, улар Саудия Арабистони чўллари ҳамда Арабистон яриморолини ўраб турган денгизларни ифодалайди.

«Ан Наср» ўз уй учрашувларини Ар Риёд шаҳридаги «Ал Аввал Парк» стадионида ўтказади. Қирол Сауд университети ҳудудида жойлашган ушбу арена 25 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. Стадион замонавий инфратузилмаси ва мухлисларнинг фаол қўллаб-қувватлаши билан Саудия Арабистонидаги машҳур футбол ареналаридан бири ҳисобланади.

«Ан Наср» Саудия Арабистони чемпионатида 11 марта ғолиб чиққан. Бундан ташқари, клуб мамлакат Қирол кубоги, Валиаҳд шаҳзода кубоги ва Суперкубогини ҳам бир неча бор қўлга киритган. Ар Риёдликлар тарих давомида «Ал Ҳилол» ва «Ал Иттиҳод» билан Саудия Арабистони футболидаги етакчилик учун курашиб келмоқда.

Жамоа 2025/26 йилги мавсумда етти йиллик танаффусдан сўнг Саудия Арабистони чемпионлигини қўлга киритди. Мавсумда «Ан Наср» 34 та учрашувда 28 та ғалаба, 2 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этиб, 86 очко жамғарди. Жамоа энг яқин таъқибчиси «Ал Ҳилол»ни 2 очкога ортда қолдирди ва 91 та гол билан чемпионатнинг энг сермаҳсул клубига айланди.

«Ан Наср» халқаро майдонда ҳам муҳим ютуқларга эришган. Жамоа 1998 йилда Осиё кубок эгалари кубогини қўлга киритган. Ҳал қилувчи учрашувда Жанубий Кореянинг «Сувон Самсунг Блювингс» клуби 1:0 ҳисобида мағлуб этилган. Ўша йили «Ан Наср» Осиё Суперкубогида ҳам ғолиб чиқиб, бир йилнинг ўзида қитъа миқёсидаги иккита совринга эга бўлган.

Айнан ушбу муваффақиятлар жамоага 2000 йилда Бразилияда ўтказилган клублар ўртасидаги илк Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятини тақдим этган. «АнНаср» ушбу мусобақада «Реал», «Коринтианс» ва «Ража Касабланка» клублари билан бир гуруҳдан жой олган. Ар Риёдликлар Марокаш вакилини 4:3 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, гуруҳ босқичидан чиқа олмаган.

Жамоани айни пайтда 61 ёшли австралиялик мутахассис Анже Постекоглу бошқармоқда. У 2026 йилнинг июл ойида «Ан Наср» бош мураббийи этиб тайинланди ва клуб билан 2028 йилгача мўлжалланган шартнома имзолади. Постекоглу бунгача Австралия миллий тжамоаси, «Йокогама Ф. Маринос», «Селтик», «Тоттенҳэм» ва «Ноттингҳэм Форест» клубларида фаолият олиб борган. У Австралия миллий жамоаси билан 2015 йилги Осиё кубогини, «Тоттенҳэм» билан эса 2024/25 йилги Европа лигасини қўлга киритган.

«Ан Наср» таркиб жиҳатидан нафақат Саудия Арабистони, балки бутун Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Клубнинг энг машҳур футболчиси, шубҳасиз, португалиялик Криштиану Роналду саналади. Беш карра «Олтин тўп» соҳиби 2023 йилнинг январ ойидан буён Ар Риёд клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. 41 ёшли ҳужумчи 2025/26 йилги Саудия Арабистони чемпионатида 28 та гол киритиб, жамоасининг чемпионликни қўлга киритишига муҳим ҳисса қўшди.

Роналду билан бир қаторда жамоада Сенегал миллий жамоаси ҳужумчиси Садио Мане, Франция миллий жамоасида ўйнаган Кингсли Коман, португалиялик Жоау Феликс, бразилиялик дарвозабон Бенто, франциялик ҳимоячи Муҳаммад Симакан ҳамда испаниялик Иниго Мартинес каби таниқли футболчилар фаолият олиб бормоқда.

Жамоанинг маҳаллий футболчилари орасида ҳам Саудия Арабистони миллий жамоаси вакиллари кўп. Дарвозабон Навоф Ал Ақидий, ҳимоячи Абдулилоҳ Ал Амри, яримҳимоячилар Абдуллоҳ Ал Хайбарий ва Айман Яҳё, шунингдек, ҳужумчи Абдуллоҳ Ал Ҳамдан 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан Саудия Арабистони миллий жамоасининг якуний тайёргарлик йиғинига жалб қилинган футболчилар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Элит Чемпионлар лигасининг 2-туридан ўрин олган «Ан Наср» — «Нефтчи» учрашуви 12 октябр куни бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 23:15 да старт олади.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Аль-Наср Эр-Рияд Аль-Наср Эр-Рияд
  • Нефтчи Нефтчи
  • Осиё Чемпионлар Лигаси Осиё Чемпионлар Лигаси
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

11 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар