Мадриднинг «Реал» клуби «Бавария» вингери Майкл Олисе трансфери борасида тарқалган миш-мишлар фонида расмий баёнот билан чиқди.
«Қироллик клуби» франциялик футболчи ёки унинг вакиллари билан ҳеч қандай музокара олиб бормаганини таъкидлади.
«Турли ОАВларда клубимизнинг «Бавария» футболчиси Майкл Олисега қизиқиши ҳақида тарқалган хабарлар муносабати билан «Реал» шуни маълум қиладики, биз футболчининг ўзи, унинг вакиллари ёки атрофидаги ҳеч ким билан тўғридан-тўғри ва билвосита алоқа ўрнатмаганмиз», — дейилади баёнотда.
Шунингдек, Мадрид клуби Мюнхен гранди билан ўзаро муносабатларга алоҳида тўхталиб ўтди.
«Реал» ва «Бавария» узоқ йиллардан буён ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик ва ишончга асосланган муносабатларни сақлаб келмоқда. Шу сабабли ҳақиқатга тўғри келмайдиган тахминлар тарқатилаётганидан афсусдамиз», — дея қўшимча қилинган клуб баёнотида.
Мадридликлар ҳар қандай футболчи трансфери аввало клублар ўртасида муҳокама қилиниши кераклигини ҳам эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фабрицио Романо, Маrcа, АS ва Мundo Deportivо нашрлари «Реал»нинг Майкл Олисега қизиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Эндиликда Мадрид клуби ушбу маълумотларни расман рад этди.