Италиялик ҳужумчи Николо Заниоло ёзги трансфер ойнасида «Лацио» сафига кўчиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар берди.
Манбага кўра, футболчи ва «Удинезе» ўртасида маош масаласида келишмовчилик юзага келган. Шу сабабли Заниолонинг клубни тарк этиши эҳтимоли пайдо бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсум бошида Заниоло «Галатасарой»дан ижара асосида «Удинезе»га келган, кейинчалик эса Италия клуби унинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олганди.
Қайд этилишича, «Лацио»нинг бўлажак бош мураббийи Женнаро Гаттузо футболчининг ўйин услубини юқори баҳолайди ва уни жамоада кўришни истамоқда.
Бироқ трансферни амалга ошириш римликлар учун осон бўлмайди. Клубнинг молиявий ҳолати сабаб «Лацио» аввал айрим футболчиларини сотиши керак бўлади.
Шунингдек, «Удинезе» ҳам Заниолони қўйиб юборишга шошилмаяпти. Клуб раҳбарияти уни жамоа лойиҳасининг муҳим қисми деб ҳисобламоқда.
27 ёшли футболчи ўтган мавсум барча мусобақаларда 38 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол ва 7 та голли узатмага муаллифлик қилган.