«Барселона» яримҳимоячиси Педри клуб тарихидаги рекордлардан бирини янгилади.
У «Осасуна»га қарши (2:0) баҳсда каталонияликлар сафида 200 марта асосий таркибда майдонга тушди. Шу тариқа, 23 ёшу 159 кунлигида ушбу натижага эришган Педри клуб тарихида энг ёш футболчи сифатида рекорд ўрнатди.
Аввалги рекорд Лионел Мессига тегишли эди — аргентиналик футболчи 200-стартга 23 ёшу 227 кунлигида етиб келганди. Бундан ташқари, Педри Хави Эрнандес натижасини ҳам ортда қолдирди.
Қайд этиш жоиз, яримҳимоячи Ҳанс-Дитер Флик жамоасининг асосий фигураларидан бири ҳисобланади ва унинг ўрнини тасаввур қилиш қийин.
Маълумот учун, Педри ушбу мавсумда Ла Лигада 26 та баҳсда майдонга тушиб, 2 та гол ва 8 та ассист қайд этган.