Бугун
15
Ўзбек

Иброҳимхалил Йўлдошев: «Кубокда энг катта тўсиқдан ўтдик, энди осонроқ бўлади»

Эксклюзив
1 сентябр, 02:36
Tribuna.uz журналисти эса Иброҳимхалил Йўлдошев билан суҳбатлашди.
Иброҳимхалил Йўлдошев: «Кубокда энг катта тўсиқдан ўтдик, энди осонроқ бўлади»
Фото: Нефтчи ПФК

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва бу йил Суперлигада якка пешқадам бўлиб келаётган «Нефтчи» Кубок баҳсларида ҳам дадил одимлаяпти.

Кубокнинг 1\8 финал босқичида Фарғонада «Нефтчи» асосий рақобатчиси - «Пахтакор»ни қабул қилди. Финал олдидан финал деб ном олган ушбу катта тўқнашувда майдон эгалари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалга йўл олди. Ўзбекистон Кубогининг амалдаги ғолиби эса иштирокини якунлади.

Ўйинни асосий таркибда бошлаган Иброҳимхалил Йўлдошев биринчи бўлимдан кейин алмаштирилди. Қолаверса, у ўзи учун бошқа позицияда ўйнагани ҳам эътиборимизни тортди. Tribuna.uz журналисти эса Иброҳимхалил Йўлдошев билан суҳбатлашди.

- Иброҳимхалил «Пахтакор» устидан эришилган ғалабадан кейинги таассуротлар қандай?

- Ғалабадан таассуротлар зўр. Бизга ортга йўл йўқ эди. Ҳамма футболчиларда мотивация кучли эди, фақат ғалаба қозонишимиз талаб этилаётганди. Чунки ўтган сафар худди шу уйимизда «Пахтакор»га ютқазгандик. Ўтган йили эса 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганимиз ҳам бизга бошқача таъсир қилганди. Бу сафар уйимизда яна ютқазмаслик учун икки баробар кўпроқ куч билан ҳаракат қилдик. Шу нарсалар ичимизда бор эди. Яна ютқазсак энди хаддан ортиқ бўларди. Шунга яраша қўшимча куч, кучли мотивация билан ўйнадик. Ўйин зўр бўлди. Мухлисларимизга ҳам раҳмат.

- «Пахтакор»га қарши бошқачароқ позицияда ўйнаганингиз сизга ноқулайлик туғдирмадими?

- Тўғри, мени бошқа позицияга қўйди. Барибир менга озгина қийинчилик туғдирди деб, айта оламан. Лекин тўғрисини айтсам, бу учрашувда позиция ёки тактика муҳим аҳамиятга эга бўлмади. Хоҳиш ва иштиёқ биринчи ўринга чиқди. Қайси жамоани хоҳиши кучлироқ бўлса, ўша клуб ютди. Ўртада ўйнаганим рости менга ёқди. Уларнинг асосий ўйини марказдан эди. Кўп ҳужумлари ўртадан бошланарди. Мени ҳам шунга қарши, уларни ҳужумини бузиб туриш учун қўйди, деб ўйлайман.

- Биринчи бўлимдан кейин алмаштирилишингиз жароҳат билан боғлиқ эмасми?

- Биринчи бўлимдан кейин мени алмаштирганининг сабаби, жароҳат бўлди. Тахминан 25-дақиқада «пах» қисмимда чўзилиш бўлди. Шундан кейин оғриқ билан биринчи бўлим охиригача ўйнаб қўйдим. Иккинчи тайм ўйнай олмасдим, чунки оғриқ кучли бўлди. Асосий сабаби шу.

- «Нефтчи»ни ОЧЛ элит мусобақаси ҳам кутяпти. Қуръа ташланган, бу борада нима дея оласиз?

- Кучли жамоалар тушишган. Араб лигаларини топ клублари. Бизга жуда қийин бўлади. «Нефтчи» анча йилдан кейин биринчи марта қатнашяпти. Ўз уйимизда ҳам, сафарда ҳам барибир қийин бўлади. Таркиб жиҳатидан ҳам кучли ўйинчилари бор. Ўйин сифати бўйича кучли, тан оламан. Тўғри, тактик жиҳатидан бироз ортда қолишимиз мумкин, рақиблар таркибида савияси баланд футболчилар бор. Лекин биз охиригача ҳаракат қиламиз. Ўзимизда ҳам, меҳмонда ҳам максимал даражада ўз жонимизни бериб ўйнаймиз. Иложи борича кўпроқ очко тўплашга, яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- Кубокда ҳам жамоангиз ғолиб чиқишига шубҳа қилмаяпсизми?
- Кубокда энг катта тўсиқдан ўтдик, деб ўйлайман. Худо хоҳласа Ўзбекистон Кубогини қўлга киритамиз. У ёғи осонроқ бўлади, деб ўйлайман. Чунки «Пахтакор» Кубокда энг кучли жамоа эди, шуни ютдик. Ниятимиз Кубокни қўлга киритиш. Лекин «Навбаҳор» ҳам бор, кучли рақиб.

- Фарғона вилояти ҳокими ҳар ютган ўйиндан кейин ечиниш хонасига киради ва сизларга қандай мотивация беради?

- Хайрулла Ҳайитбаевич футболсевар инсон. Футболга жуда катта эътибор қаратади. Ҳар бир ўйиндан кейин, ҳатто учрашувдан олдин ҳам олдимизга кириб, бизга мотивация беради. Футболни яхши кўради. Нафақат яхши кўради, балки футболни яхши тушунади ҳам. Тактик жиҳатлар бўйича ҳам баъзида кўрсатмалар ҳам беради. Айтганимдек, футболни севади ва футболни яхши тушунади. Албатта, миннатдорчилик билдирамиз.

- «Пахтакор» билан рақобат чемпионатда ҳам давом этяпти. Аммо улар кўп очко йўқотишяпти ва «Нефтчи» якка пешқадам бўлиб турибди. Чемпионликни ўзингларда сақлаб қолишга шубҳа қилмаяпсизми?

- Бу йил ҳам чемпионлик учун катта имкониятимиз бор. Худо хоҳласа, бу мавсум ҳам чемпионликни қўлга киритамиз. Ҳозир ҳам биринчи ўриндамиз. Олдимизда кўп учрашувлар турибди. Қийин ўйинларимиз бор. Иложи борича «Пахтакор»ни бизга етиб олишига имконият бермаслигимиз керак. Ҳар бир учрашувда очко йўқотмасликка ҳаракат қилишимиз лозим. Ўтган йили иккинчи ўринда эдик, бу йил эса анча ўсиш бор ва ҳозирги пайтда пешқадаммиз. Ҳар бир ўйинда максимал курашяпмиз.

- Жароҳатлар кўпаймоқда. Ҳозир ҳолатингиз қандай? Жиддий эмасми?

- Жамоада кўп жароҳатлар бор. Билмайман, нима бўляпти? Ҳаммаси Аллоҳдан. Мени жароҳатимга келсак, жиддий эмас. Айтиб ўтганимдек, «пах» қисмида бироз чўзилиш бўлган. Ҳаммаси тикланишга боғлиқ. Тезроқ қайтишга ҳаракат қиламан. Шундоқ ҳам таркибда йўқотишлар кўп.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
Бугунги янгиликлар