Live
3
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Ҳар бир ғалаба ортида катта меҳнат туради»

Эксклюзив
29 август, 16:32
«Нефтчи» устози «Пахтакор»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Ислом Исмоилов: «Ҳар бир ғалаба ортида катта меҳнат туради»
Фото: Нефтчи ПФК
29.08.2026 FT Ўзбекистон Кубоги Нефтчи Нефтчи 1 : 0 Пахтакор Пахтакор

Ўзбекистон Кубоги нимчорак финалида «Нефтчи» Фарғонада «Пахтакор»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Беллашувдан сўнг фарғоналиклар устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Биринчи навбатда барчани кириб келаётган мустақиллик байрами билан табриклайман. Бугунги ғалабамизни бизни қўллаб-қувватлаб келаётган барча мухлисларимизга бағишлаймиз. Бугун ютишимиз шарт бўлган ўйин эди. Сабаби, «Пахтакор»га қарши уйдаги охирги иккита учрашувда мағлуб бўлганмиз. Буни футболчилар ҳам яхши тушуниб туришганди. Жамоада кўплаб жароҳатлар бўлишига қарамасдан футболчилар матонат кўрсатишди. Асосий таркибда тушган кўп ўйинчилар оғриқ, иситма, шамоллаш билан ўйнади. Ҳақиқий жасорат кўрсатишди. Бу футболчиларни матонати ва иродаси ҳисобига қўлга киритилган ғалаба бўлди. Ажойиб атмосфера ташкил қилган мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Бундай муҳитда ўйнаш ёқимли.

- Жамоангизни инобатга олинмаган голи ҳақида нима дейсиз?

- Биз айнан телевизион вазиятни кўрдик. Ўшанда офсайд кўринмади. Ҳали тўлиғини кўрганим йўқ. Энди кўриб чиқамиз. Балки бу бўйича тушунтириш беришар. Ҳозир аниқ бир нарса айта олмайман. Биз кўрган вазиятда офсайд йўқлиги учун ижобий кайфият бўлганди.

- Иброҳимхалил Йўлдошевни ўртада ўйнаши эвазига «Пахтакор»га сюрприз тайёрланганмиди?

- Албатта, Иброҳимхалилни ўртага қўйиш тактик режа билан боғлиқ эди. «Пахтакор»ни ўнг қаноти катта хавф туғдиришини ҳисобга олган ҳолатда чап қанотни кучайтиришга қарор қилдик. Иккита чап қанотда ўйнайдиган футболчиларимизни бир пайтда майдонга туширдик. Йўлдошевни бемалол яхши ўйин ўтказди, деб айта оламан. Афсуски, биринчи бўлим охирларида мускулини тортиб олди. Бу позицияда ўйнаш футболчи учун осон эмас. Йиллар давомида қанотда тўп тепган ўйинчи бу позицияда умуман бошқа ҳаракатларни амалга оширишига тўғри келади. Шунинг учун Иброҳимхалилга биринчи таймдаги ўйини учун раҳмат айтаман.

- Кейинги учрашувларда таркибда янада ротацияларни амалга ошириб, Осиё Чемпионлар лигаси учун яхшироқ формада етиб бориш режаси борми?

- Бизда иккинчи таркиб деган нарса йўқ. Ҳар бир футболчи асосий таркиб аъзоси. Ҳозирги ҳолатда жамоани 7 нафар ўйинчиси ўйнагани йўқ. Бунгача кам ўйнаган футболчилар август ойида жуда кўп ўйин амалиётига эга бўлишди. Масалан, Хуршид Ғиёсов, Владимир Йовович, Нурмуҳаммад Абдуғаниев, Асилбек Жумаев...Марушич билан Стипе доимий равишда алмашиб ўйнашяпти. Жамоада ротация бўйича муаммо йўқ.

- Ютганда ҳокимни, таркибни зўрлигини гапиришади. Ютқазганда фақат сизни гапиришяпти…

- Ҳар бир ғалаба ортида катта меҳнат туради. Бу биргина мураббийни ҳаракати эмас. Биргина ҳомий ёки фақат футболчиларники эмас. Ҳаммаси бирлашсагина кейин натижа бўлади. Қаердадир муаммо бўлса, дейлик ҳомийликда муаммо бўлиб, жамоа вақтида молиялаштирилмаса бу ўйинга таъсир қилади. Ёки яхши ҳомий ва таркиб бўла туриб, мураббийда муаммо бўлса, бу ҳам ўйинга таъсир кўрсатади. Бу нарсаларга нормал қараймиз. Вазифамиз унга кўз юмиб, фақат олдинга интилиб меҳнат қилиш. Ўйлайманки, ҳозирда санаб ўтган учта фактор «Нефтчи»да ўз ишини аъло даражада бажаришмоқда. Агар қайсидир фактор издан чиқадиган бўлса, жамоа ўйини издан чиқиши мумкин.

- Мураббийлар штабида бир нечта ёрдамчи мутахассислар клубга келиб-кетишди. Бу ҳам мураббийлик режаларингизга таъсир қилмаяптими?

- Бу бўйича матбуотда кўплаб ҳар хил фикрлар билдириб ўтилди. Биринчи навбатда четдан ёрдамчи мураббийликка яхши савиядаги мутахассисни жалб қилиш осон иш эмас. Ҳақиқатда улар яхши савиядаги мураббийлар эди. Шартномаларида қачондир Европадан яхши таклиф бўлса, жамоадан кетиш банди бор эди. Афсуски, Хуанга Колумбиядан, Факундога Европа клубларидан таклифлар тушди. Геде эса оилавий сабабларга кўра кетди. Биласизми, ёнингизда яхши мураббийлар бўлиши керак, бироқ асосий ғоя барибир бош мураббийники бўлади. Шунинг учун уларнинг ўрнига ким келса ҳам ўйинимизга таъсир қилмайди. Ғоя битта инсондан чиқади ва унинг атрофида барча бирлашади. Жамоа ҳеч қачон шахсларга боғланмаслиги керак. Ўзини ғояси бўлиши керак. Бугун мен бордирман, эртага кетарман. Шунда ҳам жамоани фалсафаси, олдига қўйган мақсади ва ўйин услуби ўзгармаслиги керак», - дея Ислом Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Нефтчи Нефтчи
  • Пахтакор Пахтакор
  • Ўзбекистон Кубоги Ўзбекистон Кубоги
Бугунги янгиликлар