Ўзбекистон Кубоги нимчорак финалида «Нефтчи» Фарғонада «Пахтакор»ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонди. «Пахтакор» нимчорак финалдаёқ Кубок мусобақаси билан хайрлашди. Ўйиндан кейин «Пахтакор» бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида фикр билдирди ва саволларга жавоб қайтарди.
- Яхши, қизиқарли ўйин бўлди. Иккала жамоа ҳам кўп вазиятлар яратди. Бугун ким гол урса ўша клуб ютиб кетарди. Бундан олдинги иккита учрашувда ҳам шунақа бўлганди, бугун ҳам шундай бўлди. Йигитларга айтдим, улар борини беришди, охиригача курашишди. Мухлисларга ёқадиган учрашув бўлди. «Нефтчи»га кейинги ўйинларда омад.
- Бу ўйин сиз учун сўнгги имконият, деган хабарлар чиққанди. Ушбу хабарларда қанчалик жон бор ва ушбу мағлубиятдан кейин ҳам ўзингизни «Пахтакор» бош мураббийи постида кўряпсизми?
- Раҳбарият ҳам буни кўтармаган, билмасам, бу хабар қаерда чиққан? Биз «Пахтакор» билан охиригача курашамиз. Олдинда анча ўйинларимиз турибди. Чемпионат баҳслари, ОЧЛ беллашувлари бор. Ҳозирча мен шу ердаман, жамоа билан охиригача курашамиз.
- «Пахтакор» раҳбариятида ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида эшитдик. Клубда кўп маош оладиган футболчилар бор. Кейинчалик молиявий муаммолар юз берса, клуб «Нефтчи» билан чемпионлик учун эмас, балки ФИФА билан трансфер тақиқи учун курашадиган клубга айланиб қолмайдими?
- Ҳали раҳбарият ўзгаргани ҳақида аниқ нарса йўқ. Ҳозиргача Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев ҳомий бўлиб турибди. Биз ҳомий бўлмаймиз деб ҳали ҳеч ким айтмади. Ҳозирча ўша-ўша.
- Биринчи бўлимда иккита мажбурий ўзгаришни амалга оширдингиз. Бу «Нефтчи»га қарши ўйин учун юкламаларни кўпайиб кетганидан далолат эмасми?
- Ортиқча юкламалар эмас. Кўряпсизлар, чемпионат ҳам тиғиз ўтяпти. Ҳар 3-4 кунда ўйнаяпмиз. Бундай ҳолатда жароҳатлар бўлиши аниқ. «Нефтчи»да ҳам анча жароҳатлар бор. Биринчи таймдаги иккита жароҳат бизга ҳам панд берди, деб ўйлайман. 3-4 кун олдин ўйнагандик, барибир куч йўқотишади. Жароҳат барибир бўлиб келади.
- Мағлубиятда балки тактик хатолар ҳам бордир?
- Жамоамиз ўйнаяпти, курашяпти, вазиятлар яратяпти. Фақат гол ура олмаяпмиз. Сардор Собирхўжаев ҳам деярли бирга-бир чиқди, гол ура олмади. Худо хоҳласа, кейинги учрашувларда яхши бўлиб кетади.
- Лекин янги таклиф қилинган футболчилар шу муаммони бартараф қилиш учун таклиф қилинмаганмиди?
- Ҳа, шуни устида ишлаяпмиз. Ҳеч кимни ишламаяпсизлар, гол ургинглар келмаяпти, деб айбдор қила олмайман. Ҳамма ишлаяпти. Биз ҳам ишлаяпмиз, бироқ омадимиз келмаяпти.
- Ислом Исмоиловнинг дадаси Мурод Исмоилов ўз вақтида «Пахтакор»да ҳам, «Нефтчи»да ҳам ишлаган. Сиз «Пахтакор»да ўйнагансиз. Ислом Исмоилов дадасига қайси амбициялар бўйича ўхшаш?
- У пайтда биз футболчи бўлганмиз. Қайсидир томонларида ўхшаш бор. Барибир Ислом ҳозирда янги авлод, янгилик киритган. Фарқ қилади.
- Легионерлар ўзини қанчалик оқлаяпти?
- Ҳозирча бироз ҳужумда оқсаяпмиз. Биринчи даврада ҳам шунақа эди. Ҳужумчиларни ёрдам беради, деб олиб келдик. Кўриб турибсизлар, шуни устида ишлаяпмиз. Улар билан ҳам гаплашяпмиз. Майдонга чиқиб интилишяпти, гол урамиз деб ёрдам беришга ҳаракат қилишяпти. Аммо ҳозирча гол кирита олмаяпмиз-да.
- Бугун ҳам ВАР ўйинга бироз таъсир кўрсатди. Охирги ўйинларда «Пахтакор» иштирокидаги учрашувларда ВАР асосий планга чиқиб қоляпти. «Нефтчи»ни биринчи голида ички хиссиётингиздан нималар ўтди?
- Гол ўтказиб юборгандан кейин қанақа хиссиёт ўтади? Яхши хиссиёт бўлмайди.
- Олдинда яна қийин ўйинлар турибди. Энди қайси ҳужумчига ишонч билдирасиз?
- Вазиятга қараймиз. Олдимиздаги биринчи вазифа тикланишимиз керак. Кейинги учрашувга тайёрланишимиз лозим», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.