«Реал Соседад» ва Испания миллий жамоаси ҳужумчиси Микел Оярзабал «Барселона»га эҳтимолий трансфери ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
«Агар мен ҳақимда гапиришаётган бўлса, демак, ҳаммасини тўғри қилаётган эканман. Аммо бунга ортиқча эътибор бермайман ва вақт ҳам сарфламайман. Ҳозир барча эътиборим ушбу Жаҳон чемпионатига ва жамоамга имкон қадар кўпроқ фойда келтиришга қаратилган», — деди Оярзабал Мundo Deportivo нашрига.
Аввалроқ ОАВда «Барселона» ҳужум чизиғини кучайтириш учун Оярзабални Мадриднинг «Атлетико» клуби ҳужумчиси Хулиан Алваресга муқобил вариант сифатида кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Маълумот учун, 29 ёшли Оярзабал ўтган мавсум «Реал Соседад» сафида 40 та баҳсда майдонга тушиб, 18 та гол ва 4 та ассист қайд этди. Тransfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 25 миллион еврога баҳолаган.