«Манчестер Юнайтед» эгалари Маурисио Почеттинони бош мураббийлик лавозимига тайинлаш бўйича биргаликда қарор қабул қилишган.
Аввалроқ Майкл Кэррик истеъфога чиққач, Глейзерлар оиласи аргентиналик мутахассисни мустақил равишда тайинлашга қарор қилгани, бу орқали клуб техник директори Жейсон Уилкокс ва футболчиларни саралаш бўйича директор Кристофер Вивелл танлаган номзодлар эътиборсиз қолдирилгани ҳақида хабар берилганди.
Айрим манбаларнинг фикрича, Почеттинонинг тайинланиши Жоэл ва Аврам Глейзерларнинг клуб қарорларига таъсири Жим Рэтклифф 2024 йил феврал ойида клубга келганидан кейинги даврга нисбатан янада кучайгани натижаси бўлган.
Шу билан бирга, Глейзерлар оиласини яхши танийдиган манбаларнинг таъкидлашича, уларга қатъий талаблар қўйиш хос эмас. Бироқ улар клубдаги воқеаларни диққат билан кузатиб боради ва зарур ҳолларда ўз позицияларини сезиларли тарзда билдиришлари мумкин. Бу ҳақда The Athletic нашри ёзмоқда.
Глейзерлар оиласи ва Почеттино ўртасидаги боғловчи шахслардан бири — миллиардер Кен Гриффин ҳисобланади. У 2024 йилда мураббий тайинланган вақтда АҚШ футбол федерациясига молиявий ёрдам кўрсатган. Гриффин 2005 йилда Глейзерларга «Манчестер Юнайтед»ни сотиб олишда ҳам ёрдам берган.
Бироқ манбалар бу ҳолатдан қандайдир яширин маъно изламаслик кераклигини таъкидламоқда. Почеттинонинг тайинланишидаги асосий омил клубдаги футбол раҳбариятининг қарори бўлган. Бу қарор мутахассиснинг шартномасида товон пули эвазига келишувни бекор қилиш банди мавжудлиги маълум бўлганидан кейин қабул қилинган.
Манбаларнинг таъкидлашича, Рэтклифф ҳам ушбу тайинловни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. «Астон Вилла»га қарши ўйиндан уч кун олдин ўтказилган ва барча асосий директорлар иштирок этган ижроия қўмитаси йиғилишида бир овоздан қарор қабул қилинган: агар Кэррик билан ҳамкорлик тугатилса, унинг ўрнига айнан аргентиналик мутахассис таклиф этилишига келишилган.
Клуб раҳбарияти ва эгалари ўртасида келишмовчиликлар борлиги ҳақидаги миш-мишлар қатъиян рад этилмоқда. Шунингдек, Почеттино тўғридан тўғри музокаралар олиб борилган ягона номзод бўлгани таъкидланмоқда.
Ўтган ҳафта Рэтклиффнинг INEOS компанияси томонидан Монакода ташкил этилган саммит доирасида бир қатор муҳокамалар бўлиб ўтгач, клуб бош директори Омар Беррада АҚШ футбол федерацияси билан боғланди. У «Манчестер Юнайтед» Почеттинонинг шартномасини 10 миллион доллар эвазига сотиб олиш бандини фаоллаштириш ниятида эканини маълум қилди.
«МЮ»да Почеттинодан бошқа номзод кўриб чиқилмаган
Футбол
16 ноябр, 10:35
Рэтклифф аргентиналик мутахассисни бош мураббийликка тайинлаш борасида клуб ичида келишмовчилик бўлганини рад этди.
Foto: Getty Images