«Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпул» клублари «Кристал Пэлас»нинг чап қанот ҳимоячиси Тайрик Митчеллга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk хабар берди.
Манбага кўра, ҳар икки клуб 27 ёшли футболчини қишки трансферлар ойнасида ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Митчеллнинг «бургутлар» билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзида якунланади.
Шу боис «қизил иблислар» ва «қизиллар» футболчини нисбатан арзон нархда харид қилиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Бироқ «Кристал Пэлас» раҳбарияти ҳимоячини жамоада олиб қолиш ва у билан шартномани узайтириш учун барча чораларни кўрмоқда.
Митчелл бу мавсумда барча турнирлар доирасида 6 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 25 миллион еврони ташкил этади.
Аввалроқ «Ливерпул» Оркун Кўкчуни ўз сафига қўшиб олмоқчи эканлиги хабар қилинганди.