Live
1
Ўзбек

Моуринио олдидаги улкан муаммо

Футбол
18 август, 10:50
У позицияси бир-бирига мос икки футболчи — Беллингҳэм ва Гулерни асосий таркибга жойлаштириш йўлини изламоқда
Моуринио олдидаги улкан муаммо
Foto: Vodacom Soccer

“Мавсум жуда узоқ”. Валдебебасда “Реал”нинг 2026/27 йилги мавсуми олдидан берилаётган асосий саволлардан бирига шу тарзда жавоб беришмоқда: энг яхши позицияси “ўнлик” бўлган Жуд Беллингҳэм ва Арда Гулерни асосий таркибга қандай жойлаштириш мумкин?

Жозе Моуринио “Реал”нинг расмий мавсум бошланиши арафасида ўтказган тўртта ўртоқлик учрашувида жамоанинг ўсишини баҳоламоқда. Жамоа сўнгги уч ўйинда атиги битта гол ўтказиб юборди. Аммо таркибдаги энг иқтидорли икки футболчини бир вақтнинг ўзида майдонга тушириш масаласи Валдебебасда ҳамон долзарб, деб ёзмоқда Marca.

Иерархия нуқтайи назаридан қараганда, Мбаппе ортида, қанотларда эса Винисиус ва Диоманде билан бирга ўйнаш учун танлов Беллингҳэм бўлиши керак. Бироқ инглиз футболчисининг терма жамоа йиғинидан кеч қайтгани сабаб бироз ўзгача кечган мавсумолди тайёргарлик яна бир бор шуни кўрсатдики, соф “ўнлик” позицияси “Реал”га уч йил олдин келганидан бери жамоада ўз ўрнини излаётган Арда Гулер учун энг қулай позиция бўлиб қолмоқда.

Аслида, шу шанба куни “Эспанйол”га қарши учрашув билан якунланадиган мавсумолди тайёргарлик даврида Арда “Реал”нинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Бундан ташқари, унинг Мбаппе билан ажойиб тушунишуви ҳам бор ва бу ҳам кўплаб голли узатмаларда ўз аксини топди. Туркиялик футболчи “Реал”нинг “ўнлиги” ўйинини энг яхши тушунади, айниқса унинг рақиб ҳимояси ортига тезлик билан ёриб киришларини. Собиқ “ПСЖ” футболчиси Винисиус ёки Беллингҳэм билан бундай тушунишувга ҳали эриша олмади. Диоманде билан қандай бўлиши эса ҳали номаълум.

Бошқа томондан, иерархия масаласи ҳам бор. Ҳозирги босқичда “Реал”да барча даражалардаги аҳамияти нуқтаи назаридан Беллингҳэм Ардадан устун эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Албатта, спорт нуқтайи назаридан ҳам. Бу Жаҳон чемпионатида яна бир бор тасдиқланди. Жуд Кейн ортида ва икки қанот ҳужумчиси жуда кенг жойлашган ҳолда ўйнаб, ўзининг энг кучли жиҳатини қайта намойиш этди: майдон марказининг деярли исталган нуқтасидан зарба бериш позициясига етиб бора оладиган футболчи эканини кўрсатди. Инглизлар сафида Беллингҳэм елкасидаги жароҳатдан кейин қарийб икки йил давомида қийналган жисмоний муаммолардан ниҳоят халос бўлиб, ўзининг жисмоний ва техник имкониятларига мос муҳитда ўйнаса, “Реал”да ҳам, миллий жамоада ҳам асосий таркибдан четда қолмаслиги кераклигини кўрсатди.

Бундай катта ҳужумкор салоҳиятга эга икки футболчини бир вақтда майдонга жойлаштириш Моуринио ўйинлар давомида қабул қилиши керак бўлган қарорларнинг фақат биттаси, холос.

Аммо бу ягона масала эмас. Икки таянч ярим ҳимоячи билан ўйнаш схемаси ҳам мураббий учун муҳим вазифалардан бири. Назарий жиҳатдан у техник жиҳатдан кучли футболчи — Бернарду Силвани ҳимоявий вазифаларни бажарадиган Валверде, Тчуамени ёки Камавинга билан жуфтлаштириши керак. Арданинг универсаллиги эса уни “мия” роли учун ҳам вариантга айлантиради. Чунки Беллингҳэм ва Гулердан бири позициясини ўзгартириши керак бўлса, бу туркиялик футболчи бўлиши деярли аниқ.

Моуринио “Реал”даги илк кунлариданоқ Жуд учун идеал позиция ўтган мавсумдагига деярли алоқаси йўқлигини очиқ айтганди. Ўша мавсумда Беллингҳэм кўп ўйинларда рақиб дарвозасидан узоқда, ҳатто қанотга яқин жойда ҳаракат қилганди. Моуринио эса уни марказда ва рақиб жарима майдонига эркин ёриб кириш имконияти билан кўришни истайди.

Ҳақиқатдан ҳам, мавсум жуда узоқ. Жароҳатлар, дисквалификациялар, футболчиларнинг жисмоний ҳолатидаги юқори ва паст нуқталар бўлади. Моуринионинг ўз ғояси бор, аммо у бирор услубга кўр-кўрона ёпишиб олмайди. Қандай бўлмасин, у ҳар бири ўз услубига эга ва янги “Реал”нинг асосий футболчилари бўлиши кутилaётган икки ҳал қилувчи ўйинчи ўртасидан танлашдек ёқимли муаммога дуч келмоқда.

“Реал” душанба куни Валдебебасдаги ёпиқ тадбирда Жозе Моуриниони янги бош мураббий сифатида расман таништирди. Мадрид шаҳридаги “Реал” шаҳарчасининг мажлислар залида ўтказилган маросимда португалиялик мутахассис, клуб президенти Флорентино Перес ва фахрий президент Хосе Мартинес Пирри иштирок этди. Моуринио клуб билан уни 2029 йил июнь ойига қадар боғлаб турадиган шартномага имзо чекди.

“Бу уйга қайтиш. Ҳис-туйғулар нуқтаи назаридан биринчи мартага қараганда ҳозир янада гўзал. Ўшанда дунёнинг энг юқори чўққисига келганимни ҳис қилган бўлсам, бу сафар кўпроқ ҳиссий ва самимий туйғулар бор. Мен сизлардан бириман, доимо шундай бўлганман. “Реал” учун ишлаш мен учун нимани англатишини тасаввур қилишингиз мумкин. Ҳамма амал қилиши керак бўлган асосий тамойил шу: “Реал” учун ишлаш, яъни сизлар учун ишлаш”, — деди португалиялик мутахассис таништирув маросимидан кейин.

Бу Моуринионинг “Реал” бош мураббийи сифатидаги иккинчи фаолияти бўлади. Унинг 2010–2013 йиллардаги биринчи даври жамоага Испания чемпионати, Испания кубоги ва Испания Суперкубогида ғалаба келтирган. Моуринио 10 июл куни, “Реал” мавсумолди тайёргарлигини бошлаган кунда, яна клуб эмблемаси туширилган футболкани кийди ва қайтиши ҳақидаги дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Сўзлар етарли эмас… Чунки бу мен учун оддий иш эмас, бу миссияга ўхшайди. Гап ўзим, кўпроқ ё камроқ соврин ютишим ҳақида қайғуришда эмас. Мен ҳаммага яхшироқ бўлишга ёрдам бериш учун келдим: футболчиларга, штабга… Меҳнат, масъулият, амбиция ва мен яхши биладиган яна бир туйғу — “Реал”да ишлаш масъулияти ва шарафига асосланган маданиятни яратиш. Менга бу тушунча жуда ёқади”, — деди Моуринио.

“Реал” бош мураббийни мухлислар иштирокисиз ва матбуот анжуманисиз, ёпиқ тадбирда таништиришга қарор қилди. Бу клуб шу ёзда жамоага қўшилган бош мураббий ва барча янги футболчиларнинг тақдимоти учун белгилаган янги тартибдир. Кукурелла, Бернарду Силва, Конате, Дюмфрис, Карлос Эспи ва Диоманде каби янги футболчиларнинг тақдимот маросимлари ҳам яқин кунларда худди Моуринионики каби ёпиқ форматда ўтказилади.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Реал Мадрид Реал Мадрид
  • Испания Ла Лигаси Испания Ла Лигаси
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

15+ изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар