Жаҳон футболида ўз номи ва ҳурматига сазовор бўлган Шота Арвеладзени сиз ўқувчиларга ортиқча таърифлашни ҳожати бўлмаса керак. Ўз вақтида Шота Юстинович «Пахтакор» клубини муваффақиятли бошқаргани билан барчамизнинг ёдимизда қолган. Шундан кейин у Англия ва Туркия чемпионатларида фаолият олиб борди.
Табиийки, Арвеладзе ҳам барча қатори жаҳон чемпионатини диққат билан кузатиб боряпти. Бу борада у билан суҳбатлашиш учун мавзулар етарли эди. Шу мақсадда Шота Юстинович Tribuna.uz журналистининг таклифига иккиланмасдан розилик билдирди.
- Шота Юстинович, ушбу мундиалда сизга ҳаммасидан кўра кўпроқ нима ёқяпти?
- Менга ўзимиз кўришни истаган юлдузлар ижросидаги ўйинларни томоша қилиш ёқяпти. Ўз навбатида улар чемпионатда кутганимиздек яхши ўйин кўрсатишяпти, голлар уришяпти. Мундиал олдидан ўзимиз фаворит сифатида кўрган Испания, Англия, Германия, Бразилия, Португалия каби миллий жамоалар биз кутган ўйинларни кўрсатиб беришмоқда. Биласизми, чорак финалдан бошлаб, кейинги учрашувлар жудаям қизғин тус олади. Ўйинмисан-ўйинларга гувоҳ бўламиз, ҳали.
- Қайси миллий жамоалар сизга кўпроқ ёқяпти ва кимларни фаворит деб ҳисоблай оласиз?
- Мен Аргентинага мухлислик қиляпман. Ҳар доим шу жамоани қўллаб келганман. Бошқа, яна 4-5 та фаворит ҳам бор. Португалия, Испания ва Англиядан кўп нарса кутса бўлади, деб ўйлайман.
- Ўзбекистоннинг Португалияга қарши ўйини ҳақида нима деган бўлардингиз ва ҳисоб нега бунчалик йирик кўриниш олди?
- Ўзбекистонда ишлаб юрганимда одамларнинг футболни қай даражада ёқтиришларига гувоҳ бўлганман. Менимча, ЖЧнинг "юки" босяпти, шекилли... Чунки узоқ йиллик орзу амалга ошганида ҳар қандай киши шошиб қолади. Мухлисларда ҳам шундай ҳолатни кўриш мумкин. Асосийси, миллий жамоангиз мана шундай нуфузли турнирда иштирок этяпти. Ҳозирча жамоангизга тажриба етишмаяпти. Муҳими, ҳозирги авлод юртингиз ва шу минтақа учун катта ишни амалга ошириш мумкинлигини кўрсатмб бермоқда. Шу кетиш давом этса, ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман.
- Жаҳон чемпионатига бордингизми ё уйда томоша қиляпсизми?
- Ҳозирча уйда томоша қилиш билан чекланяпман. Аммо, боя айтганимдек, охирги 8 терма жамоа қолганида боришни мўлжал қилиб турибман.
- Юртимизда ишлагансиз ва ўзбек футболини яхши биласиз. ЖЧ бошланмасидан олдин миллий жамоамиздан нимани кутгандингиз?
- Ўйлайманки, Жалол энг зўр ўйинчи. Эҳтимол, ҳозир термангизга мана шунақа - кутилмаган қарорга келиб рақибни шошириб қўя оладиган ижрочи етишмаяпти. Майдонда яққол етакчилик қила оладиган ижрочини кўрмаяпман. Жалолда эса шундай жиҳатлар бор эди. Афсус, унга омад кулиб боқмади ва жароҳат туфайли жаҳон чемпионатида қатнаша олмаяпти. Бахтга қарши у ЖЧга қадар тикланишга улгурмади. Ўйлайманки, бошқа футболчилар ҳам майдонда у етишмаётганини ҳис қилаётган бўлсалар керак.
- Ҳа, жароҳат туфайли Машарипов таркибдан чиқариб юборилди. Уни яхши биласиз. Унинг йўқлиги ҳам миллий жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатяптими?
- Ҳа, юқорида Жалол ҳақида етарлича тўхталиб ўтдим. Миллий жамоангизга у етишмаяпти.
- Қайси миллий жамоадан сюрприз кутса бўлади?
- Менимча, Марокаш сюрприз жамоа бўла олади.
- Ушбу жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари ким бўлади?
- Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Назаримда, Мбаппе энг зўр тўпурар бўлса керак.
- Туркия чемпионатида ҳам ишлагансиз. Марҳамат қилиб айтинг-чи, Туркия миллий жамоасининг мундиалдаги омадсиз иштироки сабаби нимада?
- Турклар жуда қони қайноқ халқ. Миллий жамоанинг қониқарсиз натижасидан улар карахт бўлиб қолишди. Ҳақиқатан ҳам уларда жуда яхши жамоа бор. Аммо, хабарингиз бўлса, энди жамоа ичидагилар ҳам бир-бирига ташланишни бошлашган. Хуллас, қониқарсиз натижаларга ишқибозлар ҳам эҳтиросга берилган ҳолда муносабат билдирмоқдалар. Туркия чемпионатида ҳам турли клубларнинг ишқибозлари бир-бирлари билан жиққамушт бўлиб кетишади. Бутун Туркиянинг омадсиз иштироки сабаб энди ҳамма бир-бирига кескин муносабатда бўлишни бошлаган. Аслида бунақа ҳолатда бирлашишни ўйлаган маъқул. Жаҳлни кўрсатиб, бирор нарсага эришиб бўлмайди.
- Фабио Каннаваронинг миллий жамоамизда олиб бораётган ишига қандай баҳо бера оласиз? Унинг ўзига хос услуби кўриняптими?
- Каннаваро, унинг иш услуби ҳақида кўп гапира олмайман. Футболда тажриба асқотади. У бундай даражада ишламаган, тажриба орттирмаган. Адашмасам, Хитойда U21 ни бошқарган бўлиши керак. Миллий жамоани, бўлиб ҳам мундиалда бошқариш - бу жуда ҳам қийин иш. Ҳаммани танқид қилса бўлади.
Бевосита Ўзбекистон футболига келсак, сизларда ёш иқтидор эгалари доим бўлган, академиялар яхши фаолият олиб бормоқда. «Пахтакор»да ўсмирлар ва ёшлар билан кўп ишлаганман. Эсимда, «Насаф» ҳам кўплаб ёш футболчиларни кашф этарди. Ўзбек футболи келажаги учун ҳукумат катта кўламда иш олиб боришини ҳам биламан. Боз устига таниқли ишбилармонлар ҳам футболга ёрдам бериб келишади. Ўйлашимча, бу даражадаги муносабат билан футболингиз янада ривожланиб, янги марралар сари интилишдан тўхтамайди.
Ўйлайманки, ҳамма саволарингизга жавоб бердим ва улар сизга ёқади, деб умид қиламан. Омон бўлинг!