Бугун
45
Ўзбек

Жамолиддин Раҳматуллаев: «Марказий учрашув водий дербисида»

Эксклюзив
13 август, 03:30
Раҳматуллаев 17-тур олдидан жуфтликларнинг имкониятлари хусусида фикрлари билан ўртоқлашди.
Жамолиддин Раҳматуллаев: «Марказий учрашув водий дербисида»
Фото: Getty Images

13-15 август кунлари Суперлиганинг 17-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Турнинг марказий ўйини шубҳасиз Андижондаги «Бобур арена»да бўлиб ўтади. Унда водий дербиси доирасида «Андижон» - «Нефтчи» қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, Қаршида «Насаф» - «Пахтакор» тўқнашуви ҳам марказий ўйин мақомида.

Ўзбекистон U20 терма жамоаси бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев 17-тур олдидан жуфтликларнинг имкониятлари хусусида фикрлари билан ўртоқлашди.

13 август

19:00. «Сурхон» - «Сўғдиёна»

- Жуда принципиал ўйин. Уларни турнир жадвалидаги ўрни ёнма-ён ва очколари ҳам тенг. Лекин «Сўғдиёна»ни сўнгги учрашувларда ўзига келаётгани, мураббий жамоани ўзгартира олганлиги ҳозирги ҳолатда яхши спорт формасида эканлиги яхши имконият беради. Учрашув тенг курашларга бой бўлади. Лекин, менимча, бу ўйинда «Сўғдиёна» кичик ҳисобда ғалаба қозонса керак.

19:00. «Андижон» - «Нефтчи»

- Марказий учрашув. Албатта, водий дербиси жуда ҳам қизғин ўйин бўлиши кутилмоқда. «Нефтчи» мусобақада яққол пешқадам. Шу сабабли уларни кўпчилик фаворит мақомида кўриши мумкин. Бироқ унутмаслик керакки, «Андижон» ўз майдонида ашаддий мухлислари қаршисида шижоат билан майдонга тушиши ва ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатишини инобатга олсак ва иккала жамоани ҳам мураббийлари ёш, замонавий, ҳужумкор футболни тарафдорлиги ўйинни анча қизиқарли қилади. Менимча, баҳс дуранг билан якунланса керак.

20:30. «Бухоро» - ОКМК

- Бу ҳам қизиқарли ўйин бўлади. Жамоаларни турнир жадвалида эгаллаб турган ўринлари жуда яқин. Агар ўйин жараёни қандай кечишини тахмин қиладиган бўлсак, албатта «Бухоро» ўз услубида рақибга тўпни тошпирса керак. Бироқ тезкор ҳужумларда ОКМКни жазолашга ҳаракат қилади. Ўйлайманки, бу учрашувда тўпни, ўйинни ОКМК назорат қилади. Аммо яққол голли вазиятларни «Бухоро» яратса керак. Шунинг учун ё дуранг ё мезбонлар ғалабани илиб кетиши мумкин.

14 август

19:00. «Навбаҳор» - «Бунёдкор»

- Албатта, бу ерда «Навбаҳор» яққол фаворит. Ўйинларни ўз майдонига кўчирганидан кейин янада сермаҳсул ва шижоатли жамоага айланди. Ўйлайманки, бу беллашувда наманганликлар яққол пешқадамликка эришади ва ҳаттоки, йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритиши ҳам мумкин. «Бунёдкор» таркиби жуда ёш, анча етакчилар клубни тарк этишди. Барибир жамоада руҳият таъсири бор. Шу сабабли «Навбаҳор» бу ўйинни йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунласа керак.

20:00. «Динамо» - «Хоразм»

- Менимча, тахмин қилиш қийин бўлган жуфтлик. Биламизки, «Хоразм» кутилмаганда хоҳлаган рақиби устидан ғалаба қозониши мумкин ёки аксинча хоҳалаган ўйинда мағлуб бўлиши мумкин. «Динамо» ҳам ана шундай жамоа. Ҳужумга берилган пайтида голларни ўтказиб юбориши мумкин. Аммо катта эҳтимол билан бу ўйинда дуранг бўлмаса керак. «Динамо»да барибир футболчиларни даражаси юқорилиги ва ўз майдонида ўйнаётганлиги уларга бироз имконият беради. Шунинг учун самарқандликлар ютса керак.

20:30. «Қизилқум» - «Машъал»

- Турнир жадвалини пастки қисмида бораётган жамоалар. «Машъал» барча рақибларини ўзидан жуда узоқлаштириб юборган. Мураббий ўзгарди. Шундан кейин жамоада бироз шижоат пайдо бўлди. Афсуски, сўнгги турларда яна ҳамма нарса ўз ҳолига қайтгандек. «Қизилқум» ҳам очколар йиғишда қийналмоқда. Лекин бу учрашувда мезбонлар барибир яққол фаворит. Ўз уйида ўйнайди, максимум ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Шунинг учун навоийликлар кичик ҳисобда бўлса ҳам ютишса керак.

15 август

19:00. «Қўқон-1912» - «Локомотив»

- Кўринишидан «Локомотив» бу учрашувда фаворит. Унутмаслигимиз керак, қўқонликлар учун очколар жуда муҳим. Улар ўз майдонида ҳаракат қилишяпти. Турнир жадвалини пастки қисмидаги бундай жамоалар битта ўйинга руҳият билан қаттиқ тайёргарлик кўриши ва кутилмаганда ҳатто пешқадамлардан ҳам очколарни тортиб олиши мумкин бўлган ҳолатларни кўрганмиз. Тўрғи, «Локомотив» сўнгги турда ажойиб камбэк қилди. Умуман олганда, «Локо»да муҳит жуда яхши, буни сўнгги учрашувларда кўряпмиз. Қийин баҳсларда ҳам қутқаришяпти. Футболчилар босимсиз ҳаракат қилаётганлиги сезиляпти. Бу учрашувда ҳам улар руҳият ва яна кўп жиҳатлар бўйича устун. Сафарда кичкина ҳисобда бўлса ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қилишади. Аммо қўқонликлар осонликча рақибга уч очкони топшириб қўймаслиги аниқ. Ўйлашимча, бу ўйин дурангга тортмоқда.

19:00. «Насаф» - «Пахтакор»

- Турнинг иккинчи марказий ўйини дейишимиз мумкин. Тўғри, «Насаф» олдинги йиллардагидек кучли кўринмаётгандир. Клубни етакчилар тарк этган. Лекин Рўзиқул Бердиев бир ўйинга ва айнан «Пахтакор»га қарши жамоасини яхши тайёрлай олишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Иккинчи томондан қарасак, «Пахтакор»нинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Агар очко йўқотилса «Нефтчи»ни янада ўзидан узоқлаштириб юбориши мумкин. Сўнгги турда ўз уйида ғалабани қўлдан чиқарган. Лекин ОЧЛ Элит мусобақасига ўтиш ўйинида муваффақият қозонгани барибир жамоага яхши руҳият бергани аниқ. «Пахтакор»да таркиб анча тажрибали ва номдор эканлиги уларга катта имкониятлар беради. Лекин уларни Қаршидан уч очко билан қайтиши жуда қийин бўлади. Балки «Пахтакор» фойдасига кичик ҳисобдаги ғалаба бўлиши мумкин ёки катта эҳтимол ўйин дуранг билан якунланиши мумкин. Бу учрашувда ҳам «Пахтакор» яна очко йўқотса керак, деган фикрдаман.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар