«Манчестер Сити» Энцо Марескани бош мураббий этиб тайинлаш йўлида «Челси» билан молиявий келишувга эришишга яқин турибди. Бу ҳақда Тhe Guardian нашри хабар берди.
Манбага кўра, Лондон клуби италиялик мутахассис учун товон пули талаб қилмоқда. «Челси» раҳбарияти Мареска ўтган мавсумда жамоа бош мураббийи сифатида ишлаётган пайтидаёқ «Манчестер Сити» билан музокаралар олиб борган деб ҳисобламоқда.
Шунингдек, «Челси»да бу ҳолатни тасдиқловчи етарлича далиллар борлиги айтилмоқда. Клуб ҳатто «Манчестер Сити» устидан Англия Премер-лигасига шикоят қилиш имкониятини ҳам кўриб чиққан.
Бироқ лондонликлар вазиятни кескинлаштириш ниятида эмас ва музокараларни давом эттирмоқда.
Ҳозирча энг эҳтимолий сценарий — «Манчестер Сити» томонидан «Челси»га 10 миллион фунт стерлингдан ортиқ миқдорда компенсация тўланиши ҳисобланмоқда.
Томонлар трансфернинг молиявий тафсилотлари бўйича музокараларни давом эттирмоқда.