«Манчестер Сити» «Лилл» клуби ва Марокаш миллий жамоаси яримҳимоячиси Аюб Буадди трансфери бўйича дастлабки музокараларни ўтказди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, 18 ёшли футболчи «шаҳарликлар»нинг келажак учун асосий трансфер мақсадларидан бири ҳисобланади. Ҳозирча ушбу трансфер учун тўртта клуб кураш олиб бормоқда. «ПСЖ» ҳам вазиятни кузатмоқда, бироқ айни пайтда парижликларнинг бошқа устувор трансфер режалари мавжуд.
Қайд этилишича, «Манчестер Сити» Буаддини сотиб олгач, уни 2027/28 йилги мавсум бошлангунига қадар «Лилл» сафида қолдириши мумкин.
«Лилл» академияси тарбияланувчиси ҳисобланган Буадди ўтган мавсум Лига 1, Европа Лигаси ва Франция Кубоги доирасида асосий жамоа сафида 42 та учрашув ўтказиб, битта голли узатмага муаллифлик қилган.
Ҳозирда Аюб Буадди Марокаш билан ЖЧ-2026да иштирок этмоқда. Африкаликлар 1/16 финалда Нидерландияни пеналтилар сериясида мағлуб этди ва энди 1/8 финалда 4 июл куни Канада билан баҳс олиб боради.