«Ливерпул» таркибини кучайтириш бўйича келгуси режаларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Football Insider хабар берди.
Манбага кўра, мерсисайдликлар «Реал» яримҳимоячиси Орелиен Чуамени трансферини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу келишув январ ойида амалга ошиши мумкин.
Инглиз клуби франциялик 26 ёшли футболчи орқали майдон марказини кучайтиришни режалаштирмоқда.
Бироқ ушбу трансферни амалга ошириш осон бўлмайди. Сабаби у «Реал» таркибида муҳим ўрин эгаллайди ва жамоа яримҳимоясининг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади.
Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 70 миллион евро атрофида баҳоламоқда. Чуамени «Реал» сафида барча турнирларда 199 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол урган ва 8 та голли узатмани амалга оширган.
Аввалроқ Орелиен хизматига «Манчестер Юнайтед» жамоаси қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалганди.