Словения миллий жамоаси бош мураббийи Боштян Сесар миллий жамоа ва «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Бенямин Шешкони қўллаб-қувватлади.
Ҳужумчи болдиридан олган жароҳати туфайли АПЛнинг 5-турида «Фулҳем»га қарши ўйинни (1:1) ўтказиб юборгани сабабли «қизил иблислар»нинг собиқ футболчилари Уэйн Руни, Пол Скоулз ва Никки Батт томонидан танқидга учраган эди.
«Бундай клубда ўйнасанг, танқидлар муқаррар. Бу жараёндан нафақат Бени, балки барча ўтади. У соғлом бўлиб, голлар ураётганида бундай айбловлар учрамаётганди.
Албатта, у профессионал, менимча, бундай нарсаларга эътибор бермайди. У ҳамма нарсага ижобий қараши ва ўз атрофида тўғри инсонларни жамлаши зарур.
Беняминга ҳозир осон эмас. У ўз фаолиятидаги мураккаб даврни бошдан кечирмоқда, чунки шу вақтгача унда жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар бўлмаган. Бу ғайриоддий жароҳат бўлиб, унинг тузалиши учун маълум вақт талаб этилади. Ҳозир у атрофида ўзи ишонадиган ва суяна оладиган инсонларни жамлаши керак», — дея Сесарнинг сўзларидан иқтибос келтиради Daily Mail.