Ирландия миллий жамоаси Миллатлар лигаси гуруҳ босқичининг Исроилга қарши баҳсини бойкот қилиши мумкин. Бу ҳақда журналист Лейла Ҳамид Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Манба хабарига кўра, айрим футболчилар Исроилга қарши баҳсда иштирок этишдан бош тортиш ниятида. Шунингдек, жамоа машғулотни белгиланган вақтда бошламаган. Футболчилар ва мураббийлар штаби икки соат давомида йиғилиш ўтказгани айтилмоқда.
Аввалроқ ОАВ Ирландия ва Исроил миллий жамоалари Миллатлар лигаси доирасидаги ўзаро баҳслардан кейин футболка алмашмаслиги ҳақида хабар берганди.
Томонлар гуруҳ босқичида икки марта тўқнаш келади. Биринчи баҳс 27 сентябр куни Сербияда, иккинчиси эса 4 октябр куни Венгрияда ўтказилади. Ҳар икки беллашув ҳам нейтрал майдонда ташкил этилади. Сербиядаги баҳс томошабинларсиз ўтиши, Венгриядаги баҳсга эса ирландиялик мухлислар киритилмаслиги режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил — Ирландия баҳси 27 сентябр куни Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.