Мадриднинг «Реал» клуби дарвозабони Тибо Куртуа жамоасидаги келажаги ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Белгиялик посбоннинг таъкидлашича, у шартнома масаласига хотиржам ёндашмоқда ва клубнинг сиёсатини яхши тушунади.
«Менинг келажагим? У «Реал» билан боғлиқ. Бу клубда футболчи 30 ёшдан ошганидан кейин шартномалар одатда бир йилга узайтирилади. Шу сабабли мен бунга хотиржам қарайман.
Агар ҳозирги даражамни сақлаб қолсам, шартномани узайтириш муаммо бўлмайди. Бироқ «Реал» топ-даражадаги клуб ва эртами-кечми менинг ўрнимни босадиган футболчи ҳақида ҳам ўйлаши керак», — деди Куртуа.
Эслатиб ўтамиз, белгиялик дарвозабон 2018 йилнинг ёзидан буён Мадрид клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Унинг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
2025/26 йилги мавсумда Куртуа барча мусобақаларда 45 та баҳсда майдонга тушиб, 43 та гол ўтказиб юборди. Шунингдек, у 17 учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Маълумот учун, Тransfermarkt портали 34 ёшли дарвозабоннинг бозор қийматини 15 миллион еврога баҳоламоқда.