«Барселона»нинг «Камп Ноу» стадионини реконструкция қилиш ишлари вақтида 54 ёшли ишчи бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди.
Cadena CER хабарига кўра, ҳодиса жума куни қурилиш ишлари давомида содир бўлган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ишчи бўёқ ишлари билан шуғулланаётган пайтда кўтарувчи платформада туриб қурилиш тўсинига урилган.
«Барселона» ҳодиса юзасидан расмий баёнот бериб, шундай деди: «Клуб «Камп Ноу» реконструкцияси вақтида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ишчининг вафоти муносабати билан чуқур қайғуда».
Клуб президенти Жоан Лапорта марҳумнинг оила аъзоларига шахсан ҳамдардлик билдириб, «Барселона» уларга зарур ёрдам кўрсатишини таъкидлади.
Манба маълумотига кўра, ҳодиса юзасидан Каталония полицияси ҳамда минтақавий бизнес ва меҳнат департаменти тергов олиб бормоқда.
Маълумот учун, бу 2023 йилда бошланган «Камп Ноу» реконструкцияси давомида қайд этилган илк ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодиса ҳисобланади.