Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон номидан борган ва ҳакамлик қилган Илгиз Танташев ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳар холда у ҳам тарихга кирди ва юртимизда Эрматовдан кейин у ва унинг бригадаси мундиалда ишлаган ўзбек ҳакамлари сифатида ёдда қоладиган бўлди.
Танташев жаҳон чемпионатидаги иштирокини 2-турдан бошлади. Дастлаб «С» гуруҳидаги Шотландия – Марокаш (0:1), «J» гуруҳдаги Жазоир – Австрия (3:3) ҳамда 1\8 финалдаги Парагвай – Франция (0:1) ўйинларини бошқарди.
Айнан Парагвай – Франция ўйинидан кейин хориж нашрларида Танташевга нисбатан танқидлар юз берди. Лекин бизнинг ҳакамларимиз мундиалда жуда яхши ишлашди ва умумий ҳолатда ўзларидан яхши таассурот қолдиришди. Ахир ФИФА жаҳон чемпионатидаги энг яхши топ-10 ҳакамлар рўйхатига Танташевни ҳам киритгани бежиз эмас. Бу унга берилган баҳодир.
Илгиз ва унинг бригадаси юртимизга қайтиши биланоқ Суперлига ўйинларида ишлашга киришиб кетдилар. Аввалига «Пахтакор» - «Локомотив» баҳсида, энди эса водий дербиси доирасидаги «Нефтчи» ҳамда «Навбаҳор» учрашувини бошқаради.
Tribuna.uz журналисти эса Танташев билан боғланиб, уни суҳбатга кўндирди.
- Жаҳон чемпионатидаги иштирок билан табриклайман. Қолаверса, сиз мундиалнинг энг яхши 10 нафар ҳакамлари рўйхатидан ҳам жой олдингиз. Таассуротлар қандай, нималарни ҳис қилдингиз?
- Умуман олганда, яхши турнир ўтказдик. Катта тажриба олдик. Энг зўр мутахассислар, ҳакамлар билан танишдик. Учта ўйинни бошқардик ва менимча, биз учун жуда яхши натижа. Жаҳон чемпионатида билсангиз агар, 50 фоиз ҳакамлар, масалан, кимдир битта, кимдир иккита ўйин бошқарди. Яна кимлардир эса ўйинларни бошқаришмади ҳам. Шу боис биз учун яхши натижа бўлди. Албатта, 4 та ўйинни бошқарган ҳакамлар ҳам бор. Осиёдан фақат иорданиялик Адам Махадмех 4 та учрашувни бошқарди. Омадли ўйинларни ўтказди. Мен учун у зўр мутахассис, ҳурмат қиламиз, бирга ишлаймиз. Алоқаларимиз жуда зўр. Алиризо Фағони билан ҳам яхши муносабатдамиз. Финалда ҳакамлик қилган Славко Винчич билан битта этажда яшадик. Одамгарчилик сифатида ҳам жуда яхши инсон экан. Турнирдан олдин кўпчиликни танимагандик. Кейинчалик мусобақа давомида кўплаб инсонлар билан жумладан, Марчиняк, Тюрпен каби топ ҳакамлар билан танишдик. Жаҳон чемпионатидан бебахо тажриба олдик. Буни ёш ҳакамларга, кейинги авлодларга етказмоқчиман. Умид қиламанки, бу уларни ўсишига ва топ даражага чиқишига ёрдам беради. Чунки кучли ҳакамларсиз ҳеч қачон кучли футбол бўлмайди. Шунинг учун ҳакамлар бизларга ҳам керак-да. Бундай юқори даражадаги ўйинларни бошқариш орзум эди. Бу жуда катта масъулият, фахр. Шундай катта футбол форумида давлатимиз номидан қатнашиш орзу бўлган ва бу билан фахрланаман.
- Мундиалдаги бошқарган ўйинларингиз чоғидаги энг кулминацион нуқта Франция – Парагвай ўйини бўлди. Унда французлар қийинчилик билан ютишди. Парагвай ўйинни кўпинча провакация билан ўтказди. Ўйиндан кейин сизларга нисбатан танқидлар билдирилди. Нега сариқ, қизил карточкалар кўрсатмади, деган гап-сўзлар ҳам бўлди. Ўйин қанақа кечди?
- Қаранг, биз ҳар қандай учрашувдан олдин тайёргарлик кўрамиз. ФИФАда шундай мутахассислар борки, улар ўйиндан аввал бизга кўрсатмалар беришади. Мисол учун, бу жамоа мана бундай, униси эса бошқача ўйнайди, уларни потенциали қандай, нимага аҳамият беришади, хуллас, барча жараёнлар бўйича бизга маълумотлар берадилар. Шунга қараб биз ҳам тактика танладик-да. Ўйин бошида йўқ жойдан ёки кўрмаган вазиятлар учун ё шунчаки ҳис қилган ҳолда сариқ карточка берсангиз бу ҳам нотўғри. Агар ўз кўзингиз билан кўриб карточка берсангиз бу осон. Агар шунчаки ҳиссиётга асосланиб берсангиз бу таваккалчилик. Чунки у 5 ёки 10 дақиқадан кейин иккинчи сариқ карточкани олиши мумкин. Натижада ўйиндан кейин улар ҳакамни айблайди.
Учрашув бошидан Парагвай футболчилари кескин ўйнашни бошлади. Лекин жиддий вазиятларни кўзим билан кўрганим йўқ. Балки ўша жойда профилактика қилсам мен ютаман, деб ўйладим. Килиан Мбаппе билан гаплашганимда унга тушунтирдим. Биласизми, агар Парагвай футбол ўйнаса ҳеч қачон Францияни юта олмайди. Уларнинг ўйин сифати бошқа, буни ҳамма билади. Улар қайси йўл билан ютиши мумкин? Ўйинни бузиб, провакация қилиб, футбол ўйнамасдан ютиши мумкин. Мбаппе битта вазиятда пас берганидан кейин рақиб уни қўлига урди. Килиан йиқилди. Мен ўша деталларни кўрмагандим. Қарасам, Мбаппе майдонда ётибди. Ёнига бориб, «Килиан, ҳаммаси яхши, кел ўрнингда тургин, қўпол контакт бўлмаган», дедим. Аммо ўшанда сездимки, мен ниманидир ўтказиб юбордим. Чунки ўз кўзингиз билан кўрмасангиз қарор чиқариш қийин. Боя айтганимдек, агар сариқ берсангизу, орадан кўп ўтмай яна қўполлик қилиб унга иккинчи сариқни кўрсатсангиз майдондан ҳайдашга мажбур бўласиз. Мен учун нимаси яхшики, ўйинни таҳлил қилиб чиқдим. Карточкаларсиз ва жароҳатларсиз ўтди. Бу бир тарафдан яхши. Лекин учрашувдан кейинги ўзаро йиғилишимизда менга учта вазиятни кўрсатиб беришди, сариқ карточка кўрсатишинг керак эди, деб. Аммо ўша вазиятларни кўришим жуда қийин эди, бу худди деярли имконсиз эди. Бошлиқларимиз айтдики, бундай вазиятларда бутун ҳакамлар жамоаси эътибор қаратиши керак деди. Ким нима деса ҳам ўйин учун жавобгар шахс мен. Ўзим ҳаммасини бўйнимга олдим. Тан оламан, учта вазиятда сариқ карточка берилиши керак бўлган ҳолатларни ўтказиб юборганман. Бироқ бу фожеа эмас. Ўйинни яхши тамомладик. Учрашувдан сўнг қандайдир жанжаллар, жароҳатлар, қизил карточкалар бўлмаган. Ҳа, хатолар бўлган ва зўр бошқардик, деб бўлмайди. Бироқ бу хатолар фожеали эмас. Агар хато ўйинга, натижага таъсир қилса, бу ростдан ҳам катта хато бўлади. Шундай хатога йўл қўйганимизда кейинги куни уйга қайтишимизга тўғри келарди. Ўйлайманки, ёмон бўлганида ФИФАни хулосасига кўра кетардик. Аммо хатолар ўйинга таъсир қилмаган. Аслида касбимизда танқид нормал ҳолат. У сени доим хушёр туришга мажбур қилади.
- Франция – Парагвай ўйинидан кейин сизларга нисбатан танқидлар билдирилгач, ФИФА ҳакамларни четлатибди, деган гап-сўзлар ҳам чиқди…
- Биринчидан, ФИФА ҳеч нима демаган. Айтганимдек, ўйинга таъсир қилувчи хатолар юз бергани йўқ. Ҳа, ишчи ҳолатида хатолар бўлган, сариқ карточкалар кўрсатмаганман, буни тан олишим керак, чунки бу факт. Францияни медиаси ўз жамоасини ҳимоя қилиш учун ва балки улар бошқа натижа кутган, шу боис улар нималардир ёзишган. Агар бизни миллий жамоамизга нисбатан ҳам бирор ҳакам нотўғри қарорлар чиқарса, медиамиз «ҳужум» қилади ва бу нормал. Чунки ҳамма ўз жамоасини ҳимоя қилади. Худди шунақа французларда бўлган. Майли, нормал қабул қилдим. Таъкидлаганимдек, ҳакамлик касби доимий танқидда юради. Неча йилдан бери ҳакамлик қилаётган бўлсам, бунга ўрганганман. Танқид бўляптими, демак ишлаш ва ўсиш томонларимиз бор.
- Бунгача ўзбек ҳакамларидан фақат Равшан Эрматов мундиалларда ишлаганди. Ундан кейин Илгиз Танташев ва унинг бригадаси жаҳон чемпионатида ишлади ва бу орқали тарихга кирдинглар. Энди бундан кейинги режаларингиз қандай?
- Чемпионатдан олдин ҳам шундай режа қилардимки, кейинги ўйин менинг финалим бўлади. Ҳар доим шунақа идеа билан яшаганман ва ҳозир ҳам шундай. Кейинги ўйин мен учун жуда муҳим. Навбатдаги мусобақаларга бораманми-бормайманми, режа қилмаганман. Ҳакамлик ҳаётида ҳеч қачон билмайсизки, қанақа ўйинда ишлашингизни. Мени кейинги ўйиним Фарғонада бўлади. Шунинг учун айни пайтда бор эътиборим шу ўйинга қаратилган. Бошқа нарса мени умуман қизиқтирмайди.
- Юқорида айтиб ўтганингиздек, мундиалда ўйинлардан олдин сизларга жамоалар ҳақида ҳам алоҳида кўрсатмалар ва тушунчалар бериб борилади. Ҳакамларни чалғитиш учун айёр футболчилар ҳам бўлади. Улар симуляция йўли билан пенальти ёки жарима зарбаси ишлаш пайида бўладилар. Шундай айёр ўйинчилар борасида ҳам сизларга алоҳида маълумот берилдими? Айтайлик, сиз ишлаган учрашувларда қайси айёр ўйинчиларга дуч келдингиз?
- ВАР бўлгандан кейин шундай ўйинчилар камайди. Агар симуляция қилса ВАР текширади. Янги қоидалар киритилган. Ҳатто, ҳакам симуляциясига учиб сариқ карточка берса, ВАР аралашуви билан уни бекор қилиш мумкин. Шу боис осонроқ бўлди. Футболчилар ҳам бу нарсани билган ҳолда ортиқча таваккалчилик қилишмайди. Мен учун ҳамма футболчилар бир хил. Мисол учун, буни кимдир қилиши мумкин. Бундай ҳолатда ўйин пайтида унга ҳаммасини тўлиқ ва ётиғи билан тушунтириб, вазиятдан чиқиш мумкин. Уларни ҳам тушунишимиз керак. Футболчилар ғалаба учун ҳамма нарса қилишади. Майдонда ҳеч қачон ҳакам ёки қоидалар учун эмас, ғалаба учун ўйнашади. Уларни ўз мақсадлари бор ва ўша мақсадларини биз ҳам ҳурмат қилишимиз лозим. Аммо қоиададан чиқса, ҳакам сифатида биз тўғрилашимиз керак.
- Сиз мундиалдан қайтиб келганингиздан кейин орадан икки кун ўтиб, Суперлига баҳсида – «Локомотив» ва «Пахтакор» ўйинини бошқардингиз. Ҳолбуки, сиз жаҳон чемпионатидек жуда катта турнирда ишлаб келдингиз. Буни ўзига яраша босим, руҳияти катта эди. Шуни ҳисобга олиб, сизга бироз дам берилса керак, деб кутгандим. Лекин келишингиз билан дарҳол яна ишга шўнғидингиз. Бу сизга «нагрузка» бўлмадими?
- Йўқ, бу «нагрузка» бўлмади. Охирги Франция – Парагвай ўйинидан кейин анча вақт ўтди – 13 кун. Ҳакамларга доимий формада бўлиши учун ўйинларни бошқаришимиз керак. Агар кўп вақтни ўтказиб юборсак, ўйинни бошқариш қийинроқ бўлади. Бундай пайтда ҳакам ўйинни ҳис қилиш қобилятини йўқотади. ОФКда сентябрдан янги мавсум бошланади. Биз шунга тайёр бўлишимиз лозим. Шунинг учун аввалига мендан ўйинни бошқара оласанми-йўқми, деб сўрашди. Бўлди, бошқараман, руҳий тарафдан ҳам тайёрман дея розим бўлдим. Ўзимни ҳозирда жуда яхши ҳис қиляпман.
- Интервю учун раҳмат ва кейинги фаолиятингизга омад тилаймиз.
- Раҳмат!
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади