Мадриднинг «Реал» клуби вингери Винисиус Жуниорнинг келажаги трансфер бозоридаги асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Бунга футболчининг янги шартнома борасидаги музокаралари ҳали натижа бермагани сабаб бўлмоқда.
Журналист Бен Жейкобснинг хабарига кўра, Винисиуснинг вакиллари ушбу ёзда футболчини «Ливерпул»га таклиф қилган. Бироқ мерсисайдликлар чап қанот эмас, ўнг қанотни кучайтиришга устувор аҳамият қаратаётгани сабабли трансфер бўйича жиддий музокараларни бошламаган.
Манбага кўра, агар Винисиус ёзда «Реал»ни тарк этишга қарор қилса, ҳозирча унга жиддий қизиқиш билдираётган ягона клуб «Арсенал» ҳисобланади. Лондонликлар футболчи ва унинг вакилларидан ижобий сигнал олган тақдирда музокараларни бошлашга тайёр.
Шунингдек, Саудия Про Лигаси ҳам бразилиялик футболчини ўз сафига қўшиб олиш умидидан воз кечмаган. Таъкидланишича, агар Винисиус кўчиб ўтишга рози бўлса, унинг асосий манзили «Ал Аҳли» бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Винисиус Жуниорнинг «Реал» билан амалдаги шартномаси келаси ёзгача мўлжалланган. Аввалроқ унга Саудия Арабистонидан беш йил учун 1 миллиард евролик таклиф тайёрлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.