«Барселона» собиқ ҳимоячиси Дани Алвес Каталония клубида бирга ишлаган даврида бош мураббий Хосеп Гвардиоладан нимани ўргангани ҳақида гапирди.
«Бир воқеани айтиб бераман. Одатда, футболчилар якшанба куни ўйин ўтказса, душанба куни машғулот қилмайди.
Улар дам олади, массаж ва тикланиш муолажаларидан ўтади. Мен эса машғулот қилардим, чунки бу мен учун дам олиш эди.
Пеп: «Бу йигит бироз жиннига ўхшайди», дерди, аммо буни қабул қиларди. Мен эса: «Якшанба куни деярли ҳеч нарса қилмадим, демак, душанба куни ҳеч бўлмаса бирор иш қилишим керак», деб жавоб берардим. Шундан кейин ўйинда иштирок этмаган футболчилар билан бирга машғулот ўтардим.
Пеп бизга ўз вазифангни сидқидилдан бажаришнинг ўзи етарли эканини ўргатди. Бошқа бировнинг ишини қилишга уринмаслик керак», — деди Алвес Mundo Deportivo нашрига берган интервюсида.
Маълумот ўрнида, Дани «Барселона» сафида 2008–2016 йилларда, шунингдек, 2021 йил ноябр ойидан 2022 йил июн ойигача тўп тепган. Хосеп Гвардиола эса жамоани 2008–2012 йиллар оралиғида бошқариб, клуб билан жами 14 та совринни қўлга киритган.