Live
1
Ўзбек

Камолиддин Тожиев: «Ўйин охиригача курашишимиз керак эди»

Эксклюзив
6 август, 15:20
«Пахтакор» бош мураббийи жамоасининг дуранги ҳақида фикр билдирди.
Камолиддин Тожиев: «Ўйин охиригача курашишимиз керак эди»
Фото: Пахтакор ПФК
06.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Пахтакор Пахтакор 2 : 2 Бухоро Бухоро

«Пахтакор» ва «Бухоро» (2:2) ўртасидаги учрашувдан сўнг мезбонлар устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида қатнашди.

- Биринчи бўлимни ўзингиз ҳам кўрдингиз, жамоа яхши ўйин кўрсатди. Лекин иккинчи бўлимда майдонга бўшашган ҳолда чиқдик. Курашиш керак бўлган вазиятларда етарлича курашмадик. Нима бўлаётганини ўзим ҳам тушунмайман. Шунча голли вазиятлар яратамиз, лекин яна фойдалана олмаймиз. Аксинча, йўқ жойдан гол ўтказиб юборяпмиз. Натижа ҳам шундан келиб чиқяпти.

Ўйин охиригача курашишимиз керак эди. Ҳисоб 2:0 бўлиб турганидан кейин бўшашиб қоляпмиз, ҳаракат камаяди. Рақиб неча марта зарба берган бўлса, иккитасини голга айлантирди. Энди буни жамоа билан бирга таҳлил қилиб, хулоса чиқарамиз.

- Бугунги ўйин ҳақида яна бир савол. Захирадан тушган футболчилардан бири қулай жарима тўпида тўпни ҳимоячига узатди, кейин бурчак тўпини дарвозабон қўлига оширди. Кейин яхши комбинацияда яна ҳимоячига пас берди, охирида эса Айман Ҳусайнга келган тўпни ҳам ҳимоячига йўналтирди. Гўё «Бухоро» фойдасига ўйнагандай таассурот қолдирди…

- Йўқ, ундай эмас. Майдонга тушган ҳар бир футболчи жамоага ёрдам бериш учун чиқади. У ҳам икки кун аввал жароҳат олган эди. Ўтган ўйиндан қолган жароҳатнинг таъсири ҳам бўлди.

- Энди очиқчасига гаплашамиз. Таркиб ҳам кучли, захира ҳам кучли. Ўзбекистон ва Ироқ миллий терма жамоаси футболчилари захирада ўтирибди. Лекин 90 дақиқа давомида жамоа 10 дақиқа концентрацияни йўқотиб қўяпти. Бу биринчи марта эмас, мунтазам такрорланяпти. Бугун ҳам 2:0 ҳисобида олдинда бориб туриб, 4:0 қилиш ўрнига 2:2 бўлди. Муаммо нимада?

- Биз ҳам айнан шунинг сабабини қидиряпмиз. Алмаштиришларни қиламиз, кейин ўйин ўзгариб кетади. Балки кимдир норозидир, балки бошқа сабабдир — ҳозир аниқ айта олмайман. Ҳа, таркибимиз кучли. Кийиниш хонасида ҳамма: «Ўйинни охиригача ўйнаймиз», дейди. Лекин буни майдонда ҳам кўрсатиш керак. Охиригача курашиш лозим. Нима учун бундай бўлаётганини ҳозир айтиш қийин.

- Илгари «Пахтакор»нинг кучи шунда эдики, ўйин қийин кечса ҳам қисқа паслар орқали вазиятдан чиқиб кетарди. Ҳозир эса 2:0 ҳисобидан кейин ҳам ўйин охирида босим сезилмаяпти. Илгари рақиблар айнан «Пахтакор»нинг сўнгги босимидан қўрқарди…

- Вазиятлар яратяпмиз-ку. Тўртта, бешта, олтита, еттита голли имконият бўляпти. Фақат уларни голга айлантириш керак. Агар ўша имкониятлардан фойдаланганимизда, ҳисоб 4:0 ҳам бўлиши мумкин эди. Лекин гол ура олмаяпмиз. Вазиятларимиз бор, муаммо ҳам шунда. Нега гол уролмаяпмиз? Балки бўшашиб қолаётгандирмиз, билмайман. Ўйин охирида яна концентрация йўқолади. Мен доим айтаман: ўйинни охиригача ўйнаш керак. Ҳар баҳсдан кейин футболчилар: «Тушундик», дейишади. Лекин яна керакли очколарни йўқотяпмиз.

- Балки мураббий сифатида ўйин услубини ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир? Чунки рақиблар «Пахтакор»нинг ўйинини яхши ўрганиб олгандай. Бугун ҳам мухлислар норозилигини билдиришди.

- Ахир вазиятлар яратяпмиз-ку. Агар имконият бўлмаганда, майли эди. Биз эса бир эмас, бир нечта голли вазият яратяпмиз. Фақат улардан фойдаланиш керак. Бироқ йўқ жойдан гол ўтказиб юборяпмиз. Агар рақиб чиройли комбинация орқали гол урса, майли. Лекин оддий вазиятда уч нафар футболчи туриб, ҳеч ким зарба бераётган ўйинчини тўсмай қўйса, бу ачинарли ҳолат.
Мен ҳар куни айтаман: охиригача диққатни йўқотмаслик керак. Вазиятларимиз бор. Рақиблар бизни яхши ўрганган бўлса ҳам имконият яратяпмиз. Муаммо — ўйин сўнггида яна бўшашиб қолишимизда.

- Сиз ҳозир жамоада кимдир норози бўлиши мумкинлигини айтдингиз. Ҳожиакбар Алижонов билан мураббийлар штаби ўртасида қандайдир келишмовчилик борми? У Андижонга ҳам бормади.

- Йўқ. У жароҳат олган. Тиззасига иккита муолажа қилинди. Энди аста-секин машғулотларга қайтади.

- Майдондаги машғулотларни бошладими?

- Йўқ, ҳали бошламади.

- Балки тўрт ҳимоячидан беш ҳимоячили тизимга ўтиш ҳақида ўйлаётгандирсиз?

- Ҳа, бу вариантни ҳам кўриб чиқяпмиз.

- Энди олдинда Осиё Чемпионлар лигаси турибди. Бугунги натижадан кейин мухлисларда хавотир пайдо бўлди. Йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қўрқмаяпсизми?

- Худо хоҳласа, ундай бўлмайди. Чемпионлар лигаси учрашуви бутунлай бошқа руҳда ўтади. Футболчилар ҳам унинг масъулиятини яхши тушунишади. Яхши натижа учун майдонга чиқамиз.

- Бу таркиб билан Чемпионлар лигасида бемалол рақобат қилиш мумкин, деб ўйлайман.

- Албатта, мумкин. Фақат ўйинни охиригача ўйнаш керак. Бир бўлим ёки ярим соат эмас, тўлиқ тўқсон дақиқа.

- Трансфер сиёсати ҳақида. Сергеевнинг кетиши қанчалик катта йўқотиш бўлди?

- Сергеевнинг шартномаси тугаган эди. Уни олиб қолишга ҳаракат қилдик, лекин имкони бўлмади. Ўзи бошқа жамоада ўйнашни истади. Бу футболда учрайдиган ҳолат. Баъзан футболчи бир жамоада ўхшатолмайди, кейин бошқа жойда ўзини кўрсатади. Ҳозир Айман Ҳусайнни олиб келдик. Бугун ҳам қисқа вақт ичида бир неча хавфли вазият яратди, бош билан яхши ўйнади, тўпни сақлаб қолди. Ишонаманки, кейинги ўйинларда ўзини кўрсатади.

- Сергеевни қайтариш варианти ҳам бўлганми?

- Гаплашдик. Лекин унинг клуби қўйиб юбормади.

- Олдинда Чемпионлар лигаси ва ички чемпионатнинг муҳим учрашувлари турибди. Кучларни қандай тақсимлайсиз?

- Аввало бугунги ўйинни яна бир бор кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз. Ҳозирдан аниқ режалар ҳақида гапириш қийин.

- Демак, ротация бўлади?

- Албатта. Таркибимиз етарли. Футболчиларни навбатма-навбат майдонга туширамиз, ротациядан фойдаланамиз», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Пахтакор Пахтакор
  • Бухоро Бухоро
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар