Live
1
Ўзбек

Александр Хомяков: «Футболчилар робот эмас, улар ҳам инсон»

Эксклюзив
1 август, 15:51
«Бухоро» устози «Локомотив»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Александр Хомяков: «Футболчилар робот эмас, улар ҳам инсон»
Фото: Бухоро ПФК
01.08.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Бухоро Бухоро 2 : 1 Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент

«Бухоро» ўз уйида «Локомотив»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган ҳолда турнир жадвалида яна учинчи ўринга кўтарилиб олди. Учрашувдан сўнг ташкил қилинган матбуот анжуманида бухороликлар бош мураббийи Александр Хомяков фикрларини билдириб ўтди.

- Кутганимиздек, ўйин жуда оғир кечди. Айниқса, баҳснинг сўнгги дақиқалари жуда кескин ўтди. Бу осон ўйин бўлмаслигини аввалдан билардик.

Йигитларга раҳмат айтаман. Улар узоқ вақтдан кейин ўз майдонимизда ўйнашди ва мухлисларимизни хурсанд қилишни исташди. Биринчи бўлимда, айниқса унинг бошланиши ва ўрталарида режалаштирган ишларимизнинг кўпи амалга ошди, яхши имкониятлар яратдик.

Аммо иккинчи бўлимда, айниқса ўйин охирида, сон жиҳатидан устун бўлишимизга қарамай, келишилган режадан четга чиқиб кетдик. Ҳужум қилиш ўрнига ҳисобни сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, паст блокда ҳимояланишга ўтиб олдик. Яхшиямки, ҳисобни сақлаб қолишга эришдик. Энг муҳими, бугун уч очкони қўлга киритганимиздан хурсандман.

- Бугунги ғалаба билан табриклаймиз. Рақиб бир киши кам бўлиб қолганидан кейин нега қарши ҳужумлар камайиб кетди? Бу ҳисобни сақлаб қолиш учун қилинган тактика эдими ёки футболчилар берилган вазифани бажара олишмадими? Қарши ҳужумларда тезлик етишмади, кўп ҳолатларда тўпни ушлаб қолиш билан чекланишди.

- Иккинчи бўлим бошларида рақиб дарвозаси олдида имкониятларимиз бўлмади, деб айтолмайман. Лекин 60-дақиқалардан кейин жисмоний жиҳатдан куч етишмай қолди. Рақибнинг захирадан тушган футболчилари ўйинга яхши киришди ва ҳимоямизга катта босим ўтказишди. Бизда эса захирадан тушган футболчилар ўйин ритмига тўлиқ мослаша олишмади ва жамоага кутилган даражада ёрдам бера олишмади. Шунинг учун ҳам айтаманки, бу жуда оғир ўйин бўлди, охирги дақиқалари эса ҳақиқий асаб синовига айланди. Афсуски, иккинчи бўлимда асосан ҳимояланишга мажбур бўлдик. Аммо энг муҳими — натижани сақлаб қолдик.

Ҳозирги вазиятда уч очко олганимиздан мамнунман. Балки айрим вазиятларда маҳорат етишмади, айрим пайтларда эса сабр камлик қилди. Лекин футболчиларнинг фидойилиги ҳар доимгидек юқори даражада бўлди. Улар бор кучини майдонда қолдиришди.

- Филиповични қачон майдонда кўришимиз мумкин? Унинг жароҳати ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

- Филипович тикланиш жараёнини деярли якунлади. Маълумотларга кўра, у тўлиқ соғайиш арафасида ва яқин кунларда жамоа машғулотларига қайтади. У тезроқ сафга қайтиб, аввалгидек жамоага ёрдам беришини умид қиляпмиз.

- Яқинда Башелашвили жамоани тарк этди. Унинг ўрнига академиядан яна футболчи жалб қилиш имконияти борми? Академияда иқтидорли ўйинчилар кўп, аммо ҳозирча фақат икки нафар ёш футболчига имконият берилмоқда. Бунинг сабаби нимада?

- Биз Пошелашвили билан шартномани бекор қилдик. Унинг ўрнига бошқа футболчини жалб қилиш масаласини ҳозирча кўриб чиқмаяпмиз. Албатта, жамоани кучайтириш учун камида яна бир-икки нафар футболчи кераклигини яхши тушунаман. Ҳозирча вазият шу.

- Жамоа нега 90 дақиқа давомида бир хил суръатда ўйнай олмаяпти? Бунинг асосий сабаби нима, деб ўйлайсиз?

- Ўзи қайси жамоа 90 дақиқа давомида бир хил темпда ўйнай олади? Бунинг иложи йўқ. Биз кучга асосланган футбол ўйнаймиз. Ҳозирги иқлим ва об-ҳаво шароити бутун ўйин давомида доимий прессинг ва босим ўтказиш имконини бермайди.
Қолаверса, «Локомотив»га қарши тинимсиз босим билан ўйнаш ҳам хавфли. Улар прессингдан яхши чиқиб кета олади ва ҳимоя ортида катта бўшлиқлар қолдиришимизга сабаб бўлади. Бу эса катта таваккалчилик. Фақат чиройли футбол кўрсатиш учун очилиб ўйнаб, кейин ўз дарвозамиз олдида муаммога дуч келишнинг ҳеч қандай маъноси йўқ. Айни пайтда тақвим жуда зич, об-ҳаво ҳам оғир. Футболчиларни тўлиқ тиклаб олишга улгурмаяпмиз. Жароҳатлар, чарчоқ — буларнинг ҳаммаси тўпланиб бормоқда. Амалда деярли бир хил таркиб билан ўйнаяпмиз. Футболчилар робот эмас, улар ҳам инсон. Шунинг учун улардан ҳар доим бир хил даражадаги темпни талаб қилиш қийин. Шу боис яна бир бор йигитларга бугунги майдонда кўрсатган фидойилиги учун миннатдорчилик билдираман», - дея Хомяковнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бухоро Бухоро
  • Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар