«Барселона» клуби ва Испания миллий жамоасининг собиқ яримҳимоячиси Хави Эрнандес Лионел Месси ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди ҳамда аргентиналик юлдузнинг ҳозирги формасига юқори баҳо берди.
«Месси ҳақида илк бор ёшлар жамоаси мураббийидан эшитганимда, бунга унчалик ишонмагандим. Аммо 2004 йилдаги илк машғулотдаёқ кўзларимга ишонмадим.
Карлес Пуйол, Виктор Валдес, Деку, Роналдино — ҳаммамиз бир-биримизга қараб, бу оддий ҳолат эмаслигини тушунгандик. Лео атиги 16 ёшда эди, аммо деярли дарҳол клубнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланди», — деди Хави.
Испаниялик мутахассис Мессини спорт тарихининг энг буюк номларидан бири билан таққослади.
«Месси — футболнинг Майкл Жордани. Унга ўхшаши йўқ. Баъзида у оддий инсон эмасдек туюлади. Агар унинг ўрнида бошқа футболчи бўлганида, ЖЧ-2022даги ғалабадан кейин фаолиятини якунлаган бўларди. Аммо Лео ҳақиқий ғалаба учун яшайдиган спортчи. У яна бир бор жаҳон чемпиони бўлишига ишонади», — деди у.
Собиқ яримҳимоячи Мессининг энг катта сирларидан бирини ҳам очиб берди.
«У доимо атрофга қарайди, майдонда нималар бўлаётганини узлуксиз кузатади. Ҳаммаси унинг бошида.
Кўпинча Месси майдонда шунчаки юраётгандек кўринади, лекин аслида у вазиятни таҳлил қилаётган бўлади.
Мен муболағасиз айта оламанки, у Иниеста, Бускетс, Пуйол ёки менинг позициямда ҳам ўйнай оларди ва ўша жойнинг энг яхши футболчисидек ҳаракат қиларди. Бу бугун ҳам шундай», — деди барселоналиклар афсонаси.
Хави, шунингдек, ЖЧ-2026да Жазоирга қарши ўйиндан кейин Мессига ёзганини ҳам айтиб ўтди.
«Мен Леога ёздим ва унинг ўйини ҳазилдек туюлаётганини айтдим. Уни томоша қилиб фақат кулиш мумкин. У қилаётган ишлар шунчаки ақлдан оздиради», — деди Хави.
Эслатиб ўтамиз, Месси ЖЧ-2026даги илк ўйинда Жазоир дарвозасига ҳет-трик қайд этиб, жаҳон чемпионатлари тарихидаги голлари сонини 16 тага етказган ва рекордни янгилаганди.