Мадриднинг «Реал» клуби яримҳимоячиси Арда Гулер УEФА Чемпионлар лигаси 2025/26 мавсумининг кашфиёти деб топилди. Бу ҳақда УEФА расмий сайти хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу мукофот аввал топширилган «мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси» соврини ўрнини эгаллади.
Мазкур совринни футболчи фаолияти давомида фақат бир марта қўлга киритиши мумкин.
Гулер якунланган Чемпионлар лигаси мавсумида 14 та баҳсда майдонга тушиб, 2 та гол ва 4 та ассист қайд этди. Умуман олганда, туркиялик футболчи 2025/26 йилги мавсумда барча турнирларда 51 та ўйинда иштирок этди.
У ушбу баҳсларда 6 та гол уриб, 14 та голли узатма амалга оширди.
Арда Гулернинг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган. Тransfermarkt портали футболчини 90 миллион еврога баҳоламоқда.