«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике Хвича Кварацхелия ва Дезире Дуе оғир жароҳат олганидан кейин клубнинг трансфер сиёсати ҳақида фикр билдирди. Ҳар икки футболчи катта эҳтимол билан ушбу мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади.
«Биз йиғлаб, нолишимиз керак деб ўйлайсизми? Йўқ, жамоамиз бундай ишламайди. Бу юқори даражадаги футбол, жароҳатлар эса унда учраб туради. Сўнгги уч йил давомида жамоамиз ажойиб матонат намойиш этди. Биз ҳар сафар қийинчиликлардан кейин тиклана олдик.
Ҳозир олдимизда мураккаб вазифа турибди. Ривожланишда давом этиш учун мотивацияни сақлаб қолишимиз керак. Яқинлашиб келаётган трансфер ойнасида футболчи сотиб олишимиз шарт эмас. Ярим мавсумга футболчи олиб келиш бизнинг услубимизга хос эмас», — дея Энрикенинг сўзларини ESPN нашри келтирди.
Маълумот учун, Хвича Кварацхелия 20 октабр куни Чемпионлар лигаси умумий босқичи доирасида «Барселона»га қарши баҳсда (4:2) тиззасидаги олдинги хочсимон боғламини узиб олганди. Якшанба куни эса «ПСЖ» Дезире Дуе ҳам Франция чемпионатининг 11-турида «Нитса»га қарши баҳсда (3:2) худди шундай жароҳат олганини маълум қилди.