«Барселона» ёш ҳужумчи излашни фаоллаштирди. Каталонияликлар эътиборини Италиянинг «Монца» клуби ҳужумчиси Густаво Варела тортган. Бу ҳақда Sky Sports Italiа хабар бермоқда.
21 ёшли португалиялик футболчи А Серияда ажойиб мавсум ўтказмоқда. Унинг ҳисобида Италия чемпионатидаги 11 та баҳсда 11 та гол бор. Барча мусобақаларда эса 12 та ўйинда 13 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган.
«Барселона» скаутлари «Монца»нинг «Фиорентина»га қарши баҳсини бевосита стадиондан кузатган. Ушбу беллашувда Варела дубл қайд этган, голлардан бирини эса товон билан урган. А Серияда португалиялик ҳужумчидан кўпроқ гол урган ягона футболчи — Дониелл Мален.
Вареланинг хизматларига бошқа гранд клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда. «Барселона»дан ташқари «Интер», «Наполи», «Ювентус» ва Лондоннинг «Арсенал» клублари ҳам унинг номзодини кўриб чиқмоқда. Футболчининг агенти келаси ҳафта «Монца» раҳбарияти билан мижозининг келажагини муҳокама қилиш учун учрашади.
Маълумот учун, А Bola нашрига кўра, Вареланинг трансфер нархи 25–30 млн евродан бошланиши мумкин. «Монца» португалиялик футболчини ўтган ёзда «Бенфика»дан 2 млн еврога сотиб олган ва кейинги трансфердан тушадиган маблағнинг 20 фоизини лиссабонликларга бериш шартини сақлаб қолган.