Sky Sports телеканали Англия Премер-лигаси тарихидаги энг яхши марказий ҳимоячилар жуфтликлари рейтингини эълон қилди. Рўйхатни тузишда футболчиларнинг биргаликда ўтказган баҳслари сони, ҳар бир ўйинда ўтказиб юборилган ўртача голлар, дарвозаси дахлсиз сақланган баҳслар ҳамда ғалабалар фоизи ҳисобга олинган.
Рейтингда биринчи ўринни «Арсенал» сафида тўп тепган Мартин Киоун ва Тони Адамс эгаллади. Улар АПЛ доирасида биргаликда 151 та баҳсда майдонга тушган. Ушбу жуфтлик ҳар бир ўйинда ўртача 0,71 та гол ўтказиб юборган, баҳсларнинг 51 фоизида дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ва 52 фоизида ғалаба қозонган.
Иккинчи поғонадан «Манчестер Юнайтед» вакиллари Рио Фердинанд ва Неманя Видич жой олди. Улар 134 та баҳсда бирга ҳаракат қилган, ўртача 0,72 та гол ўтказиб юборган ва ўйинларнинг 69 фоизида ғалаба қозонган.
Кучли учликни «Челси»нинг Жон Терри ва Рикарду Карвалю жуфтлиги якунлади. Улар биргаликда 102 та баҳсда майдонга тушган. Ушбу учликдаги энг яхши натижа — дарвозаси дахлсиз сақланган ўйинлар бўйича 54 фоиз ва ғалабалар бўйича 72 фоиз кўрсаткич ҳам айнан уларга тегишли.
Кучли ўнталикдан ҳозир ҳам фаолиятини давом эттираётган футболчилар жуфтликлари ҳам жой олган. «Арсенал» ҳимоячилари Уилям Салиба ва Габриел Магаляйнс 113 та баҳс, ҳар бир ўйинда ўртача 0,79 та ўтказиб юборилган гол ҳамда 70 фоизлик ғалаба кўрсаткичи билан еттинчи ўринни эгаллади.
«Ливерпул» вакиллари Виржил ван Дейк ва Жоэл Матип 72 та баҳсда бирга ўйнаб, тўққизинчи поғонадан жой олди. Улар ҳар бир ўйинда ўртача 0,81 та гол ўтказиб юборган ва 71 фоиз баҳсда ғалаба қозонган.
Кучли ўнталикни «Ливерпул»нинг яна бир жуфтлиги — Жейми Каррагер ва Сами Ҳюпя якунлади.