Испания миллий жамоаси Миллатлар лигаси А лигаси 2-турида Хорватияни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Баҳсда Ламин Ямал икки марта гол урган бўлса, Пау Пубил ва Нико Уилямс ҳам ўз номини таблога ёздирди. Хорватиянинг ягона голига Мартин Белё муаллифлик қилди.
Баҳсдан сўнг Испания бош мураббийи Луис де ла Фуэнте жамоасининг ҳаракатларини юқори баҳолади. Мутахассиснинг фикрича, испанлар ўйиннинг катта қисмида назоратни ўз қўлида сақлаб қолган.
«Биринчи бўлим 4:1 ёки 5:1 ҳисобида якунланиши мумкин эди, иккинчи бўлим ҳам тахминан шу руҳда ўтди. Рақиб яхши ҳимояланади ва ҳаводаги курашларда кучли, шу сабабли ҳар бир вазиятда ҳушёрликни сақлашимиз керак эди. Ўтказиб юборилган голдан кейин дарҳол тўп ва ўйин назоратини қайта қўлга олдик», — деди де ла Фуэнте Маrcа нашрига берган интервюсида.
Испания бош мураббийи Ямалнинг ўйинига ҳам тўхталди. У 19 ёшли ҳужумчининг янада ривожланишга интилаётганини ва ўз имкониятларини бутун дунёга намойиш этишни истаётганини таъкидлади.
«Ямал янада ривожланишга интилмоқда ва ўз даражасини бутун дунёга намойиш этишни хоҳлайди. У шунчалик камтарки, бу фазилати унинг аҳамиятини янада оширади. Унинг жамоа учун қилган ишларидан завқ олдик. Келажакда у ўз ҳаракатлари ва жамоавий ўйинга қўшаётган ҳиссаси учун янада катта эътирофга сазовор бўлади», — дея қўшимча қилди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Испания миллий жамоаси навбатдаги баҳсини 3 октабр куни Чехияга қарши ўтказади. Шу куни Хорватия Англияга қарши майдонга тушади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади