«Челси» собиқ «Барселона» бош мураббийи Хавини жамоага олиб келиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Independent нашри хабар берди.
Манбага кўра, клуб Лиам Росениор билан хайрлашгач, стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда. Ҳозирча жамоани вақтинча Калум Макфарлейн бошқармоқда.
«Челси» раҳбарияти янги мураббий танлашда клубда шакллантирилган ўйин услубини сақлаб қолишни устувор вазифа деб билмоқда. Гап тўпни назорат қилишга асосланган, ташаббускор футбол ҳақида бормоқда.
Хави айнан шу фалсафага мос келадиган мутахассис сифатида баҳоланмоқда. Испаниялик мураббий «Барселона»да ишлаган даврида жамоани Ла Лига чемпионлигига олиб чиққан.
Шунингдек, «Челси» яна бир қатор номзодларни ҳам кўриб чиқмоқда. Улар орасида Хаби Алонсо, Франческо Фариоли ва Франсеск Фабрегас бор.
Қайд этилишича, Фабрегас ҳозирда «Комо»даги лойиҳасини тарк этишга шошилмаяпти. «Борнмут» мураббийи Андони Ираола ҳам клуб эътиборида, бироқ унинг услуби бироз бошқачароқ деб баҳоланмоқда.