«Бавария» яримҳимоячиси Исмоил Сайбари ва ҳужумчи Серж Гнабри жароҳат сабаб бир муддат майдонга туша олмайди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди. Бироқ футболчиларнинг сафга қайтиш муддатлари ҳозирча маълум қилинмаган.
Ҳар икки футболчи шанба куни Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши ўтказилган Бундеслига баҳсида жароҳат олган.
Сайбарида ўнг тўпиқ боғламининг узилиши аниқланган. Марокашлик футболчи аллақачон муваффақиятли операция қилинди. Гнабрида эса чап сонининг орқа қисмидаги мушак жароҳати қайд этилган.
Маълумот учун, «Бавария» ва «Боруссия» Дортмунд ўртасидаги дурангдан кейин Бундеслигада мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб турибди. Ҳар икки жамоа ҳисобида 18 очкодан мавжуд. «Фрайбург» 16 очко билан учинчи поғонада.
Эслатиб ўтамиз, «Бавария» ва «Боруссия» Дортмунд ўртасидаги баҳс 2:2 ҳисобида якунланган.