«Барселона» ҳужумчи Хулиан Алварес трансферидан воз кечгани йўқ ва музокараларни давом эттириш учун навбатдаги қадамни ташлади.
CОPE нашри хабарига кўра, каталонияликлар спорт директори Деку ҳамда унинг ёрдамчиси Жоау Амарал Мадридга бориб, 26 ёшли аргентиналик футболчининг агенти Фернандо Идалго билан учрашув ўтказади. Томонлар трансферни амалга ошириш режасини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Манбага кўра, Алварес ҳозир Жаҳон чемпионатидан кейинги таътилини Ибисада ўтказмоқда ва 10 август куни «Атлетико» машғулотларига қайтиши керак. Футболчи вакиллари унинг клубини ўзгартиришни истаётганини тасдиқлаган.
Агентларнинг таъкидлашича, Алварес фақат «Барселона»га ўтишни ва янги мавсумда Ҳанс-Дитер Флик қўл остида ўйнашни хоҳламоқда.
«Барселона» ҳужумчи учун аввал таклиф қилган 100 миллион евролик таклифини ўз кучида қолдирган. Футболчининг қатъий позицияси Декунинг Мадридга боришига сабаб бўлгани айтилмоқда.
Бироқ «Атлетико» раҳбарияти трансферни муҳокама қилиш ниятида эмас. Клуб бош директори Мигел Анхел Хил Алварес «200 миллион еврога ҳам сотилмаслигини» маълум қилган.
Шунингдек, аввалроқ «Атлетико» «Барселона»нинг футболчи билан боғлиқ ҳаракатлари юзасидан Испания футбол федерациясига (РФEФ) шикоят қилган ва ушбу ҳолат бўйича текширув бошланган.
Маълумот учун, Хулиан Алварес 2025/26 йилги мавсумда барча мусобақаларда 49 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол ва 9 та ассист қайд этди. Тransfermarkt портали уни 120 миллион еврога баҳоламоқда. Унинг «Атлетико» билан шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади