«Аякс»га ижара асосида кўчиб ўтган Марк-Андре тер Стеген трансферида «Барселона» яримҳимоячиси Френки де Йонг муҳим рол ўйнаганини маълум қилди.
Германиялик дарвозабон «Аякс» матбуот хизматига берган интервюсида де Йонг билан ушбу трансфер олдидан бир неча бор суҳбатлашганини айтди.
«Мен Френки билан жуда кўп гаплашдим. Сўнгги кунларда кўплаб мавзуларни муҳокама қилдик. Мен учун бу ерда ишончли қўлларда бўлишимни билиш жуда муҳим эди.
Френки бу ҳақда аввал ҳам айтганди ва бу менга хотиржамлик берди. У жуда ҳалол инсон, доим ўйлаганини айтади. Унинг сўзлари мени тинчлантирди», — деди Тер Стеген.
Маълумот учун, 34 ёшли дарвозабон 2026/27 йилги мавсумни ижара асосида «Аякс» сафида ўтказади. Унинг трансфери «Барселона» ва Амстердам клуби ўртасидаги ижара келишуви асосида амалга оширилди.