Live
1
Ўзбек

FIFA президентлиги учун беш асосий номзод саналди

Футбол
4 август, 08:09
Инфантинонинг қайта сайланиш имконияти пасайгани айтилмоқда.
FIFA президентлиги учун беш асосий номзод саналди
FIFA президенти Жанни Инфантино

2027 йилда ўтадиган FIFA президентлиги сайлови олдидан Жанни Инфантинонинг ташкилот раҳбари сифатидаги келажаги яна муҳокамалар марказига чиқди. Жаҳон чемпионатининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш ташаббуси қўллаб-қувватланмаганидан кейин бир қатор миллий федерациялар амалдаги президентга нисбатан танқидий позицияни эгаллади. Хабарларга кўра, Сербия, Швеция ва Уэлс футбол федерациялари Инфантинони яна қўллаб-қувватламасликка қарор қилган.

Бу вазият FIFA раҳбари алмашиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди. Ҳозирнинг ўзидаёқ бир нечта нуфузли спорт амалдорлари 2027–2031 йиллар учун ташкилот президенти лавозимига асосий даъвогар сифатида тилга олинмоқда.

Улардан бири КОНКАКАФ президенти Виктор Монтагляни ҳисобланади. Канадалик функционер Инфантинонинг асосий рақибларидан бири сифатида кўрилмоқда. КОНКАКАФ Жаҳон чемпионати билан боғлиқ хусусий инвестиция режасини қўллаб-қувватламаган бўлса-да, UEFA сингари очиқ қарши чиқмади.

UEFA президенти Александер Чеферин ҳам эҳтимолий номзодлар қаторида. Словениялик раҳбар FIFA билан муносабатларда бир неча бор танқидий позиция билдирган. У ҳатто ўтган ой бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати финалида иштирок этмагани ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Осиё футбол конфедерацияси президенти шайх Салмон бин Иброҳим Ол Халифа ҳам эҳтимолий номзодлардан бири саналади. FIFA кенгашининг катта вице-президенти ҳисобланган бaҳрайнлик амалдор Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 64 тага етказиш ҳамда хусусий инвесторлар билан боғлиқ режаларга қарши чиққан.

Европа матбуоти эса «ПСЖ» президенти Носир ал-Хелайфийни ҳам асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрсатмоқда. Шунингдек, Норвегия футбол федерацияси президенти Лизе Клавенесс ҳам FIFA раҳбариятига номзод бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. У сўнгги йилларда FIFA қарорларини энг кескин танқид қилган функционерлардан бири ҳисобланади.

FIFA президенти сайлови 2027 йил 18 март куни Марокашда ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни бошланмаган бўлса-да, жаҳон футболидаги сўнгги воқеалар сайлов учун жиддий рақобат юзага келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Бугунги янгиликлар