«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Фил Фоден жамоанинг янги бош мураббийи Энцо Мареска билан ишлаш, янги мавсум олдидаги мақсадлари ва клубнинг янги аъзоси Эллиот Андерсон ҳақида фикр билдирди.
Фоденнинг айтишича, Пеп Гвардиола қўл остида узоқ йиллар тўп сурганидан кейин янги мураббий билан ишлаш унга янгича ҳис-туйғуларни бермоқда. У Маресканинг ғоялари ва жамоанинг ўйин услубидан мамнун эканини таъкидлади.
«Ростини айтсам, ҳаммаси менга ёқяпти. Фаолиятим давомида фақат Пеп Гвардиола билан ишлаганман, шунинг учун янги мураббий келиши мен учун янги саҳифа очди. Мураббийлар штаби ва уларнинг ғоялари менга маъқул. Янги мавсумни интиқлик билан кутяпман ва жамоа учун муваффақиятли йил бўлишига ишонаман», — деди Фоден.
Англиялик футболчи клубнинг янги футболчиси Эллиот Андерсон ҳақида ҳам илиқ фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, Андерсон ҳужумларни ташкил этишда ва тўпни ҳимоя чизиғи ортига аниқ етказиб беришда кучли томонларга эга бўлиб, бу жиҳатлар Фоденнинг ўйин услубига мос келади.
«Уни жамоамизда кўришдан жуда хурсандман. Илгари унинг ўйинларини кузатганман ва бир неча бор қарши майдонга ҳам тушганман. У “ўнинчи рақам” позициясидаги футболчиларни яхши топади ва ҳимоя чизиғи орасига аниқ паслар узатади. Бу менинг ўйинимга жуда мос. У билан бирга майдонга тушишни сабрсизлик билан кутяпман», — дея қўшимча қилди ярим ҳимоячи.
Фоден янги мавсум учун шахсий статистика бўйича аниқ мақсад қўймаганини ҳам айтди. У таътил давомида оиласи билан вақт ўтказиб, яхши дам олганини таъкидлаб, асосий мақсади жамоага имкон қадар кўпроқ фойда келтириш, етакчилардан бирига айланиш ва мавсум якунида совринлар ютиш эканини билдирди.