UEFA, Осиё футбол конфедерацияси (AFC) ва КОНКАКАФ FIFA президенти Жанни Инфантино лавозимини тарк этмаган тақдирда, ташкилот фаолиятига қарши бир қатор кескин чораларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Times нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, уч конфедерация раҳбарлари Инфантино 2027 йил март ойида бўлиб ўтадиган сайловда тўртинчи муддатга ҳам номзодини қўйишга қарор қилса, бир нечта сценарийни муҳокама қилмоқда. Улар орасида FIFA кенгаши ва қўмиталари йиғилишларини бойкот қилиш, ташкилот қарорларини тасдиқламаслик ҳамда FIFA мусобақаларига муқобил халқаро турнирларни йўлга қўйиш варианти ҳам бор.
Манбага кўра, эҳтимолий янги мусобақалар учун асос сифатида 2017 йилда UEFA буюртмаси билан ишлаб чиқилган, аммо ҳозиргача амалга оширилмаган глобал Миллатлар лигаси лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Бу ташаббус амалга ошса, жаҳон футболи бошқарув тизимидаги энг йирик ўзгаришлардан бирига айланиши мумкин.
Инфантино сўнгги кунларда Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш ташаббуси ортидан кучли танқидларга учради. Лойиҳага қарши биринчи бўлиб UEFA чиқди, кейинчалик AFC, КОНКАКАФ ва КОНМЕБОЛ ҳам ушбу режани қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Натижада FIFA раҳбари мазкур ташаббусни кун тартибидан олишга мажбур бўлди.
Аввалроқ Уэлс, Сербия ва Швеция футбол федерациялари ҳам Инфантинонинг 2027 йилги сайловдаги номзодини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган эди. Аввлроқ FIFA президентлиги учун беш номзод кўрсатилгани ҳақида хабар берган эдик. FIFA президентлиги сайлови 2027 йил март ойида Марокашда бўлиб ўтади.