«Брайтон» яримҳимоячиси Карлос Балеба фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да давом эттиришни истамоқда. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, «Манчестер Юнайтед» футболчининг позициясидан хабардор, бироқ ҳозирча унинг трансферини кўриб чиқмаяпти. Қайд этилишича, клуб фақат бошқа трансферлар амалга ошмай қолган тақдирдагина Балеба вариантига қайтиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, «қизил иблислар» камерунлик яримҳимоячини ўтган ёзда ҳам ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилган, бироқ «Брайтон»нинг юқори молиявий талаблари сабаб келишув амалга ошмаганди.
22 ёшли футболчи 2025/26 йилги мавсумда барча мусобақаларда 35 та баҳсда майдонга тушди. Унинг «Брайтон» билан шартномаси 2028 йилнинг ўрталарига қадар амал қилади. Тransfermarkt портали Балебанинг трансфер қийматини 55 миллион еврога баҳоламоқда.