«Барселона» ҳимоячиси Алехандро Балде ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Футболчи «Sport» нашрига берган интервюсида «Барселона»ни тарк этиш нияти йўқлигини қатъий таъкидлади.
«Мен кетмайман. «Барселона» — менинг уйим. Бу клубда 16 йилдан бери, деярли бутун умримни ўтказдим. Мен айнан шу ерда муваффақият қозонишни хоҳлайман. Фикрим фақат шу ерда ва яна кўп йиллар давомида клуб сафида ўйнашни истайман», — деди Балде.
Шунингдек, испаниялик футболчи чаноқ соҳасидан жароҳати олгани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди.
«Менда жароҳат йўқ. Бу хабарлар ҳақиқат эмас. Кейинги ўйинда «Барселона» сафида майдонга тушишга тайёр бўламан», — дея қўшимча қилди ҳимоячи.
Маълумот учун, Алежандро Балде «Барселона» академияси тарбияланувчиси бўлиб, клуб тизимида 16 йилдан буён фаолият олиб бормоқда.