«ПСЖ» ёзги трансферлар ойнасида ҳужум чизиғини кучайтириш устида ишламоқда ва асосий эътиборини «Барселона» ҳужумчиси Ферран Торресга қаратган.
RMC Sport хабарига кўра, парижликлар испаниялик футболчи бўйича ҳали расмий музокараларни бошламаган. Бунга унинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштирокидан кейин нархи ошиб кетиши мумкинлиги сабаб бўлган. Франция чемпионлари футболчи учун ортиқча маблағ тўлашни истамаяпти.
Агар Ферран Торрес трансфери амалга ошмаса, «ПСЖ» муқобил вариантларга мурожаат қилади. Клуб рўйхатидан «Аталанта» футболчиси Шарл Де Кетеларе ҳам ўрин олган.
Шунингдек, парижликлар «Борнмут» ҳужумчиси Эли Жуниор Крупининг ўйинларини ҳам кузатмоқда. Ҳозирча футболчи бўйича расмий қизиқиш билдирилмаган, бироқ манбага кўра, франциялик ҳужумчи «ПСЖ»га ўтишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Арсенал» ҳам Ферран Торресни Хулиан Алварес трансферига муқобил вариант сифатида кўраётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.