Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг Жаҳон чемпионатининг тижорий ҳуқуқларидаги улушларни хусусий инвесторларга сотиш режасига муносабат билдирди.
Ташкилот баёнотида бундай йирик ташаббуслар фақат очиқлик, самарали бошқарув ва барча манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашув асосида амалга оширилиши кераклиги қайд этилди.
«ОФК жаҳон футболи келажагини мустаҳкамлаши мумкин бўлган инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлайди. Бироқ бундай миқёсдаги ташаббуслар самарали бошқарув, шаффофлик ва мазмунли маслаҳатлашув тамойилларига асосланиши лозим.
Футболнинг тижорий ва молиявий келажагига таъсир қилиши мумкин бўлган қарорлар конфедерациялар, миллий ассоциациялар ва бошқа манфаатдор томонлар билан ҳар томонлама муҳокама қилиниши зарур. Ҳар бир томон таклифни ҳуқуқий, тижорий ва стратегик жиҳатдан баҳолаши учун етарли вақт ва маълумотга эга бўлиши керак», — дейилади ОФК баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ УEФА ҳам Инфантинонинг ушбу режасини кескин танқид қилиб, ФИФА футболни сотишга ҳақли эмаслигини билдирганди. Шунингдек, Тhе Times нашри Инфантино мазкур лойиҳа эвазига шахсан ўнлаб миллион фунт даромад олиши мумкинлиги ҳақида хабар берган.