Баҳс якунлангач, меҳмонлар бош мураббийи Андрей Шипилов журналистлар саволларига жавоб берди.
«Максимум вазифани бажардик, бу ерга келдик ва уч очкони қўлга киритиб, кейинги босқичга йўл олдик. Яна нимадир дейишим ортиқча, назаримда. Бевосита жамоанинг ўйинидан ҳам қониқдим. Иккита гол урдик ва ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юбормадик. Бу бутун жамоанинг ғалабаси. Таъкидлаб ўтишим керак, бугун осон ўйин бўлмади. Рақиб таркибида ҳам кучли ва маҳоратли футболчилар жамланган. Тўғри, «Металлург» Пролигада иштирок этяпти, аммо жамоа анча яхши шакланган. Шунингдек, таржибали мураббийлар штаби бошқараётганини ҳам таъкидлашим лозим. Жамоанинг ичида нималар бўлаётганини билмайман, улар Суперлигага шу йил қайтишмоқчими ёки кейинги мавсумдами, аммо бу Суперлига даражасидаги жамоа деб бемалол айта оламан.
Биз энди таътилга чиқамиз. Режамизда бир нечта позициялар бўйича трансферлар бор ва шу борада ишлашимиз керак. Бугун ажойиб ўйин кўрсатдик ва таътилга яхши кайфиятда чиқиб кетамиз.
Гуруҳдаги рақиблар ичида «Орол» билан баҳс энг қийини бўлди дея оламан. Аввал ҳам айтганимдек Нукусда жуда қийналдик. У ердаги майдон сифати... Бизни иссиқ ҳаво ҳарорати ва сунъий майдон қийнади, деб айта оламан», - дея Шипиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.