Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Матис Алберт Бундеслигада ўйнаган энг ёш америкалик футболчига айланди.
У асосий жамоа сафида 16 ёш, 11 ой-у 5 кунлигида дебют қилди. У Германия чемпионатининг 31-тур доирасидаги «Боруссия Д» — «Фрайбург» (4:0) беллашувининг 88-дақиқасида майдонга тушди.
Форвард бу орқали аввалги рекордни янгилади. Ушбу натижа олдин ҳам «Боруссия Д» сафида дебют қилган Жованни Рейнага тегишли эди, у 2020 йил 18 январда 17 ёш, 2 ой-у 5 кунлигида илк бор майдонга тушган.
Маълумот ўрнида, Алберт 2024 йилда «Лос-Анжелес Гэлекси» ёшлар жамоасидан «Боруссия Д» академиясига қўшилган ва ўтган йили АҚШнинг 17 ёшгача бўлган миллий жамоаси таркибида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган.