«Нюкасл»дан «Ювентус»га ижара асосида ўтган ҳужумчи Ник Волтемаде келажакда «Бавария»нинг трансфер мақсадига айланиши мумкин.
Журналист Кристиан Фалькнинг маълум қилишича, ҳозирча мюнхенликлар 24 ёшли футболчи бўйича музокара олиб боришни режалаштирмаяпти. Бироқ Волтемаде Италиядаги ижараси давомида ўзини яхши томондан кўрсата олса, «Бавария»нинг унга бўлган қизиқиши яна кучайиши мумкин.
Қайд этилишича, Мюнхен раҳбарияти жамоа таркибида германиялик футболчилари сонини кўпайтиришни истамоқда. Шу нуқтаи назардан Волтемаденинг номзоди жамоа учун яна долзарб бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, «Бавария» 2025 йил ёзида Волтемадени ўз сафига қўшиб олиш учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланган эди. Бироқ трансфер пойгасига «қарғалар» аралашиб, «Штутгарт»га 75 миллион евро миқдорида таклиф билан чиққан ва якунда футболчини ўз сафига қўшиб олган.