Нидерландия миллий жамоасининг собиқ футболчиси Рафаел ван дер Варт Миллатлар лигаси гуруҳ босқичининг 6-тури доирасида Германияга қарши баҳсда қайд этилган 0:5 ҳисобидаги мағлубият ҳақида фикр билдирди. У жамоанинг иккинчи бўлимдаги ҳаракатларини кескин танқид қилди. Voetball International собиқ футболчининг сўзларини келтирмоқда.
«Баъзан рақиб сени ўз дарвозанг томон сиқиб қўяди, аммо бундай вазиятда футболчиларинг қандай ҳаракатланаётганига ҳам эътибор бериш керак. Ҳамма саросимага тушиб қолгандек таассурот уйғонди — худди картошка солинган қоплардек. На ҳужумларда кескинлик, на яккакурашларга киришиш истаги бор эди.
Ҳаммаси режа бўйича кетаётганида бу жамоа анча яхши кўринади. Аммо аввало майдонда бор кучни бериш керак. Таркибда Виржил ван Дейк ва Френки де Йонг бўлмаганида, бизда мутлақ жаҳон юлдузлари йўқ.
Ҳозир Френки майдонда эмас, аммо умуман олганда, жамоада яхши футболчилар жамланган. Шунга қарамай, уларнинг шунчаки тўп ортидан югураётганини кузатиш жуда ачинарли бўлди. Агар жума куни улар, эҳтимол, энг яхши ўйинини намойиш этган бўлса, бу сафарги иккинчи бўлим, чамаси, энг ёмон чиқишларидан бири бўлди», — деди ван дер Варт.
Маълумот учун, Германия миллий жамоаси Нидерландияни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Голларга Флориан Вирц (2), Шерван Шервант, Нико Шлоттербек ва Брайан Груда муаллифлик қилди.