Мадриднинг «Реал» клуби собиқ яримҳимоячиси Рафаел ван дер Варт Килиан Мбаппенинг ўйинлари атрофидаги танқидлар ҳақида фикр билдирди.
Нидерландиялик мутахассисга кўра, франциялик ҳужумчи ҳозир Криштиану Роналду бир пайтлар дуч келган ҳолатни бошдан кечирмоқда.
«Одамлар Мбаппени манманликда айблаётганида, бу мени хафа қилади. Ҳозир кўпчилик «ПСЖ» Чемпионлар лигасида ғолиб бўлгач, Мбаппе муаммо бўлган экан, деган фикрни илгари сурмоқда.
Аммо «ПСЖ»да кўплаб яхши футболчилар бор эди, лекин ягона ҳақиқий суперюлдуз Мбаппе эди. Шундай футболчи жамоада бўлса, бошқалар бироз сояда қолади. У катта босим остида эди ва жамоа муваффақият қозонмаганида айб ҳам унга юклатиларди», — дея ван дер Вартнинг сўзларини келтирди Goal нашри.
Собиқ футболчининг фикрича, «Реал»да ҳам вазият деярли ўзгармаган.
«Реал» каби клубда ҳаммани кескин танқид қилишади. Роналду ҳам жамоа соврин ютмаган пайтларда доим айбдор сифатида кўрсатиларди.
Мен «Реал»да ўйнаганимда бир нарсани сезганман: жамоада битта жуда катта юлдуз бўлиши баъзан муаммо туғдиради. Масалан, мен тўп билан бошқа яхши вариантни кўриб турган бўлсам ҳам, Роналду бўш турганида деярли ҳамма унга узатма берарди. Бу ҳар доим ҳам фойдали эмас. Аммо бундай футболчини бошқаришни билиш керак, чунки у мавсумига 60 та гол урарди. Мбаппе ҳам ҳозир шунга яқин натижа кўрсатмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Ван дер Вартнинг таъкидлашича, ўтган мавсумда Мбаппе «Реал»нинг энг яхши футболчиси бўлган.
«Мухлислар уни танқид қилишда давом этмоқда ва мен бунинг сабабини тушунмайман. У ўтган мавсумда жамоанинг энг яхши футболчиси эди. Бошқа футболчилар етарли даражада ўйнай олмади, Мбаппе эса мунтазам равишда гол урди. Ҳар доим энг яхшиси бўлишга ҳаракат қилишнинг ўзи ҳам жуда қийин», — деди собиқ яримҳимоячи.
Эслатиб ўтамиз, Мбаппе «Реал» сафига қўшилганидан буён жамоанинг асосий ҳужум кучи сифатида кўрилмоқда. Франциялик футболчи ўтган мавсум давомида мадридликларнинг энг сермаҳсул футболчиларидан бири бўлди.