Live
6
Ўзбек

Умарали Раҳмоналиев: «Рақибдан қўрқиш йўқ, хотиржамлик билан ўйинга тайёрланиб боряпмиз»

Футбол
6 июн, 14:48
Футболчи миллий жамоа билан АҚШда.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Умарали Раҳмоналиев: «Рақибдан қўрқиш йўқ, хотиржамлик билан ўйинга тайёрланиб боряпмиз»
Фото: ЎФА

Фабио Каннаваро миллий жамоага жалб қилган, аниқроғи дастлабки 30 талик рўйхатга киритилган футболчилар орасида Умарали Раҳмоналиев ҳам бор.

Якуний 26 талик рўйхатга 4 нафар ўйинчимиз кирмади. Уларнинг орасида Раҳмоналиев ҳам бор. Бироқ энг асосийси, у миллий жамоа билан Америкада ва мундиал нафасини ҳис қилмоқда. Аввало, ҳеч ким жароҳат олмасин, бироқ керак бўлса, улар бошқа футболчининг ўрнини тўлдиришга тайёрлар.

Раҳмоналиев Озарбайжонда «Сабаҳ» билан бирга мамлакат чемпионлиги ва Кубогини қўлга киритган ҳолда мавсумни ўзи учун супер даражада ўтказишга муваффақ бўлди. Таъбир жоиз бўлса, у бундай муваффақиятлардан кейин ўзини бахтли инсон сифатида ҳис қилиши турган гап.

«Худога шукр, кутганимиздан кўра хайрли ишлар бўлди. Чемпионатда ютишимиз мумкин бўлган иккита совринни ҳам қўлга киритдик. Табиийки, бундан жуда ҳам хурсандман. Айтганингиздек, энг бахтиёр инсонман десам бўлади», - дея ушбу ҳолатга изоҳ берди, Умарали.

Рости, легионеримизнинг «Сабаҳ» жамоаси билан бирга бирин-кетин иккита совринни қўлга киритишини балки кўпчилик кутмаган бўлса ҳам керак. Лекин Раҳмоналиев ва унинг жамоаси ўз олдига қўйилган мақсад сари катта машаққатли йўлни босиб ўтдилар ва ушбу натижалар эндиликда тасодиф эмас.

«Ўйлайманки, ҳар бир муваффақият тагида катта меҳнат, матонат ва сабр ётади. Сабабини қилган одамга Яратганнинг ўзи мададкор бўлади. Шу боисдан осон бўлмади. Тўғриси, чемпионат бошида кимгадир шу хусусида айтсак худди эртакдек кўринарди. Лекин биз буни уддаладик», - дея қўшимча қилди, Раҳмоналиев.

Ҳар бир футболчининг орзуси шубҳасиз миллий жамоа билан жаҳон чемпионатида иштирок этиш. Бунинг учун аввало у ўзини кўрсатиши, мураббийнинг ишончини қозониши ва белгиланган рўйхатдан жой олиши лозим. Бироқ бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Шунинг учун миллий жамоа билан Америкага йўл олган барча йигитларга ҳамма ҳавас қилади. Улар танланганлар ва энг муносибларидир. Умарали ҳам улардан биридир. Хўш, у миллий жамоа сафида АҚШга йўл олишини қандай билди? У ерда Каннаваро бошчилигидаги машғулотларда асосий эътибор нимага қаратиляпти? «Сабаҳ» етакчиси буни қуйидагича маълум қилди:

«Мен кўчада эдим, дадам қўнғироқ қилиб табрикладилар. Шундан кейин билдим. Ҳозир эътибор жисмоний ва тактик ҳолатга қаратилган. Қоида доирасида агрессивни ва тезкор футболни кўпроқ талаб қиляпти».

Илк ўйинимиз Колумбияга қарши. Ўтаётган ҳар бир кун бизни бўлажак тарихий учрашувга яқинлаштирмоқда. Бу ўзига яраша ҳаяжонли ва таърифлаб бўлмайдиган ҳис-туйғулар уйғунлашувини акс эттиради. Колумбия терма жамоасига қарши ўйин олдидан айтилган гап:

«Ким қачонги даврдан фарқли ўлароқ рақибдан қўрқиш, уни ҳаддан ортиқ ҳурмат қилиш деган нарсалар аста секин йўқ бўлиб, тўғри ва хотиржамлик билан ўйинга тайёрланиб боряпмиз. Ҳозирда мундиал нафасини қайсидир маънода ҳис қиляпмиз. Ўйлайманки, жаҳон чемпионати яқинлашгани сари бу нарса янада ортиб боради», — деди футболчи.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Ўзбекистон
Бугунги янгиликлар